Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бош прокурор буйруғи билан Тошкент шаҳрининг еттита тумани прокурори лавозимига янги раҳбарлар тайинланди. Тайинланганларнинг айримлари пойтахтдаги бошқа туманлар прокуратураларида, қолганлари эса ҳудудий прокуратуралар ва Бош прокуратура тизимида фаолият юритган.
Жумладан, Яхё Абдураҳмонов Мирзо Улуғбек тумани прокурори этиб тайинланган. У бунга қадар Юнусобод тумани прокурори лавозимида ишлаган. Унинг ўрнига эса Бухоро вилояти прокурорининг ўринбосари бўлиб ишлаган Иброҳим Расулов келган.
Яккасарой тумани прокурори лавозимини аввал Олмазор тумани прокурори бўлган Ахрор Ахунов эгаллаган. Олмазор тумани прокурори этиб эса Бош прокуратуранинг Ёқилғи-энергетика соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Абдурахим Мухиддинов тайинланган.
Яшнобод тумани прокурори этиб Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Ойбек Шамуратов, Чилонзор тумани прокурори этиб эса Самарқанд вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Сарвар Базаров тайинланган.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Сирожиддин Файзиев Сергели тумани прокурори лавозимини эгаллаган.
Янги тайинловлар ҳақида Тошкент шаҳар прокуратураси 17 ноябрь куни маълум қилган.
Илгарироқ Рахимов Мадамин Тошкент шаҳар Таълим ва илм-фан бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди. У тайинловга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимида ишлаб келган.

Изоҳлар мавжуд емас