Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Россияга қарши санкциялар ва кредит фоиз ставкалари ошгани сабабли бешта вилоятдаги 95 та насос станциясини модернизация қилиш лойиҳасини молиялаштиришнинг аввалги тартибидан воз кечди. Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев 11 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Ҳукумат соати"да лойиҳани янги банк орқали йиллик 4 фоизли кредит асосида амалга ошириш режалаштирилаётганини айтди.
Масала депутат Имомназар Турсунов томонидан кўтарилган. У умумий қиймати 37 миллион доллар бўлган лойиҳа бўйича тақдим этилган жадвалда ҳозиргача бирор маблағ ўзлаштирилмаганига эътибор қаратган.
Вазирнинг тушунтиришича, дастлабки молиялаштириш схемаси Россияга қарши санкциялар ва кредитлар қимматлашгани сабабли ўзгартирилган. Энди лойиҳани Россиянинг ВЭБ.РФ банки ўрнига бошқа молия ташкилоти орқали амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Янги кредитнинг фоиз ставкаси йиллик 4 фоизни ташкил этади. Ишларни 2027 йилда бошлаш кўзда тутилган. Дастлаб лойиҳани Россия давлат тараққиёт корпорацияси ВЭБ.РФ иштирокида молиялаштириш режалаштирилган.
2021 йил 29 июлда қабул қилинган Президентнинг ПҚ-5201-сон қарорига мувофиқ, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги 95 та насос станциясини модернизация қилиш белгиланган.
Учта йўналишдан иборат лойиҳанинг умумий қиймати 213,5 миллион евро этиб баҳоланган. Шундан 146 миллион евроси ВЭБ.РФ кредити, 67,5 миллион евроси эса Ўзбекистон улуши сифатида шакллантирилиши керак эди.
Россия томонининг кредити йиллик 2 фоиз ставкада, 10 йил муддатга берилиши режалаштирилган. Шунингдек, йиғилишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги яна бир лойиҳа — 110 та насос станциясини модернизация қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
2025 йилда банк бу мақсадлар учун Ўзбекистонга 250 миллион долларгача кредит ажратишни маъқуллаган. Вазирнинг айтишича, тендер жараёнлари давом этмоқда, ишларни 2027–2028 йилларда якунлаш режалаштирилган.
Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари учун электр энергияси харажатларини қоплаш мақсадида ажратилган субсидия маблағларининг мақсадли сарфланиши ўрганилганди.

Изоҳлар мавжуд емас