Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги миллий сертификатга эга абитуриентларга максимал балл беришнинг амалдаги тартибини қайта кўриб чиқмоқда. Бунга бир неча йилдан кейин миллий сертификат билан ҳужжат топширадиган абитуриентлар сони одатий тест синовларида қатнашувчилардан ошиб кетиши мумкинлиги сабаб бўлмоқда.
Вазирлик вакилига кўра, миллий сертификат олган абитуриентлар сони сўнгги йилларда изчил ортиб бормоқда. Шу тенденция сақланса, келгусида сертификат билан ҳужжат топширадиганлар сони одатий тест синовларида иштирок этувчилардан кўп бўлиши мумкин.
Ҳозирда мазкур масала Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда ўрганилмоқда. Таҳлил жараёнида миллий сертификат эгаларига максимал балл бериш механизмининг асосланганлиги, максимал балл тўплаган абитуриентларнинг айрим таълим йўналишларида тўпланиб қолиши ва бунинг қабул натижаларига таъсири баҳоланади.
Қайд этилишича, бу йил олий таълимга давлат гранти бўйича ўртача ўтиш бали 134,6 баллни ташкил этган. Бу 2025/2026 ўқув йилидаги 121,8 баллдан 12,8 баллга юқори.
Тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш бали эса 93,7 балл бўлиб, ўтган ўқув йилидаги 84,9 баллга нисбатан 8,8 баллга ошган.
Вазирлик вакили балларнинг юқорилаши ва максимал балл тўплаш имконияти кўплаб абитуриентларнинг бир ўрин учун рақобатлашишига олиб келаётганини таъкидлаган.
Миллий сертификат имтиҳонлари олий таълимга кириш тестларидан фарқ қилади. Уларда очиқ турдаги саволлар ҳам қўлланилади ва натижалар Раш модели асосида ҳисобланади.
Вазирлик қабул жараёнида максимал балл бериш механизмларини ушбу тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.

Изоҳлар мавжуд емас