Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда уй-жойи йўқ фуқароларга вақтинча бошпана ва иш топишда кўмак берилади
Жамият

Ўзбекистонда уй-жойи йўқ фуқароларга вақтинча бошпана ва иш топишда кўмак берилади

17
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқароларни вақтинча жойлаштириш ва ижтимоий мослаштиришнинг ягона тартиби жорий этилди. Унга кўра, махсус марказларда уларга вақтинча турар жой, тиббий ёрдам, ҳужжатларни тиклаш ва иш топишда кўмак кўрсатилади.

Тегишли ҳукумат қарори 18 августдан кучга кирган. Фуқаролар махсус марказларга мустақил равишда мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, улар ҳақидаги маълумотлар маҳалла, ички ишлар органлари ёки бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан тақдим этилиши мумкин.

Марказларда фуқаролар учун зарур маиший шароитлар яратилади, тиббий кўрикдан ўтказилади ва зарурат бўлса даволаниши ташкил этилади.

Шунингдек, уларга пенсия ва нафақаларни расмийлаштириш, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тиклаш, қариндошларини топиш ҳамда ишга жойлашишда ёрдам берилади. Айрим ҳолларда турар жой билан таъминлаш масаласида ҳам кўмак кўрсатилиши мумкин.

Марказга жойлаштирилган фуқаро ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимларига киритилади. Кейин мутахассислар унинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, индивидуал ижтимоий мослашув режасини ишлаб чиқади.

Марказда бўлиш муддати 20 кунгача этиб белгиланган. Зарур ҳолларда бу муддат узайтирилиши мумкин.

Шунингдек, марказ ходимлари фуқаронинг ижтимоий мослашув жараёнини кузатиб боради ва режада белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши учун масъулларни белгилайди.

Янги тартиб доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқароларга ёрдам кўрсатишни тизимлаштириш ва уларнинг мустақил ҳаётга қайтишига кўмаклашишга қаратилган.

Бундан олдин Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва соҳани ягона тизимга бирлаштиришни назарда тутувчи "Ижтимоий иш тўғрисида"ги Қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланганди. Янги ҳужжатга кўра, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу соҳадаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...