Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Яқинда ижтимоий тармоқларда Activist блогерининг видеоси оммалашди, унда блогер Тошкентдаги қаҳвахоналардан бирида унга "ўзбекка нисбатан" рус тилида мурожаат қилинганидан норозилигини билдирган. Қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу чиқишларга Адлия вазирлиги муносабат билдирди.
Бошқарманинг таъкидлашича, умумий овқатланиш соҳасида ўзбек тилидан фойдаланиш фақат товар ёки хизмат ҳақида маълумот бериш учун мажбурийдир. Бироқ ходимлар ва мижозлар ўртасидаги мулоқотнинг ўзи, шунингдек, таомномани расмийлаштириш фақат давлат тилида бўлиши талаб этилмайди. Бунда муассаса эгалари ташриф буюрувчиларга қулай бўлган ҳар қандай тилдан фойдаланишлари мумкин.
Вазирликнинг таъкидлашича, фуқаролар кундалик ҳаётда мулоқот тилини танлаш ҳуқуқига эга ва Ўзбекистон қонунчилиги уларнинг она тилидан фойдаланиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Конституциямизга кўра, Ўзбекистоннинг барча фуқаролари қонун олдида тенгдирлар, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва жамиятдаги мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга," дейилмоқда хабарда.
Блогер жавобгарликка тортилиши ёки тортилмаслиги ҳақида маълумот берилмаган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига кўра, давлат тилини ва Ўзбекистонда яшовчи бошқа тилларни, миллат ва элатларни эркин танлаш ҳамда улардан фойдаланишга ҳар қандай тарзда тўсқинлик қилиш ёки уларни чеклаш, шунингдек, давлат тилини ва Ўзбекистонда яшовчи бошқа тилларни, миллат ва элатларни менсимаслик БҲМнинг 1 бараваридан 2 бараваригача (375 минг сўмдан 750 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Аввалроқ Тошкент вилоятида яшовчи, ижтимоий тармоқларда "Абдуллоҳ" тахаллуси билан танилган шахс миллатлараро адоват қўзғатгани учун жиноий жавобгарликка тортилганди.

Изоҳлар мавжуд емас