Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ва иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров ўртасидаги суд мажлиси аввал 1 май кунига белгиланиб, кейинроқ номаълум муддатга қолдирилган эди.
Эндиликда маълум қилинишича, мажлис Яшнобод туман суди биносида ўтказилиши режалаштирилган. Суд 7 май куни соат 15:00 да бўлиб ўтади.
Ҳозирда вазирнинг мурожаати ички ишлар органлари томонидан қайта кўриб чиқилмоқда. Унда блогернинг ижтимоий тармоқлардаги постларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.
Маълумотларга кўра, низо 2024 йил 26 декабрь куни вазирнинг Тошкент шаҳар ИИББга қилган мурожаатидан бошланган. Унда метан шохобчаларидаги навбатлар, Avto24 иловаси фаолияти ҳамда электр ва газ таъминотидаги узилишлар танқид қилинган постлар юзасидан чора кўриш сўралган.
Блогер Отабек Бакировнинг таъкидлашича, мазкур масалага сабаб бўлган чиқишлар қарийб бир ярим йил аввалги воқеаларга тааллуқли.
Эслатиб ўтиш жоиз, ички ишлар органлари 2026 йил 23 январь куни ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этган. Бироқ 25 март куни шаҳар прокуратураси мазкур қарорни асоссиз деб топиб, бекор қилган ва иш қайта кўриб чиқишга юборилган.

Изоҳлар мавжуд емас