Загрузка
Загрузка
Алишер Қодиров: Боғча ва бошланғич таълимни она тилида ўқитиш мажбурий бўлиши шарт
Жамият

Алишер Қодиров: Боғча ва бошланғич таълимни она тилида ўқитиш мажбурий бўлиши шарт

34
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров боланинг манфаатларини таъминлаш мақсадида мактабгача ва бошланғич таълимни фақат она тилида олиб боришни қонун даражасида мажбурий қилиб қўйишни таклиф қилди. Депутатнинг таъкидлашича, болаларни бегона тилда ўқитиш уларнинг ҳам билим, ҳам тарбия олишига тўсқинлик қилмоқда.

Кеча, 5 январь куни, бўлиб ўтган фракция йиғилишида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланган. Ушбу лойиҳа доирасида "Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров "боланинг устун манфаати" тушунчасига алоҳида тўхталиб, таълим тили масаласини ўртага ташлаган. Унинг фикрича, амалдаги "Таълим тўғрисида"ги қонундаги "тил танлаш эркинлиги" нормаси бошланғич босқичда боланинг зарарига ишламоқда.

Депутат ўз нутқида бугунги таълим тизимидаги оғриқли нуқтани танқид қилган. Унинг айтишича, болалар ўзлари тушунмайдиган бегона тилда тарбия кўришга ва бошланғич билим олишга мажбурланмоқда. Бунинг оқибатида ўқувчи мактабдан кутилган билимни, боғчадан эса зарур тарбияни ололмаяпти.

Қодиров, шунингдек, жамиятда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг мавжудлиги ва уларни бундан ҳимоя қилиш учун алоҳида қонун қабул қилинаётганлигини "уятли ҳолат" деб атаган. 

"Бизнинг қадриятларимизда аёл ва бола энг муқаддас тушунча бўлган. Буюк тарихга эга халқ сифатида бугун шундай муаммоларни муҳокама қилишга мажбур бўлаётганимиз ачинарли”, деган у.

У буюк тарихга эга маърифатпарвар халқ учун бундай қонунларнинг айниқса, халқаро ташкилотлар тавсияси билан қабул қилиниши миллий қадриятларга мос эмаслигини, бироқ реал муаммолар борлиги сабабли қонунни қўллаб-қувватлашини билдирган.

"Миллий тикланиш" фракцияси қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида "Таълим тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритишни режалаштирмоқда. Таклифга кўра, боланинг бошланғич таълимни ўз она тилида олиши ихтиёрий танлов эмас, балки давлат томонидан кафолатланган мажбурият сифатида белгиланиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Қодиров аввалги парламентда  бўлиб  ўтган  муҳокамаларида онкология, гематология ва эндокринология каби оғир касалликларга ажратилган катта миқдордаги пуллар беморларга ўз вақтида етказиб берилмаётганини ҳақида ҳам кескин танқид қилганди. 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...