Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров парламентда бўлиб ўтган муҳокамаларида онкология, гематология ва эндокринология каби оғир касалликларга ажратилган катта миқдордаги пуллар беморларга ўз вақтида етказиб берилмаётганини кескин танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, ажратилган бу маблағлар оғир касалларнинг "койка" тўловини текин қилишга йўналтирилган бўлса-да, амалда беморларга ётоқ жойлар сотилмоқда.
Депутатнинг онкология соҳасидаги молиявий муаммолар ҳақидаги кескин чиқиши, айни пайтда Тошкент шаҳар онкология касалхонасининг Республика марказига қўшилиши ва катта ҳудуднинг тақдири номаълум қолаётгани ҳақидаги шифокорлар ва беморларнинг хавотирлари билан бир пайтда содир бўлган.
"Миллий тикланиш" партияси раҳбари онкология, гемотология, эндокринология каби оғир касалликларга ажратилаётган маблағлар вақтида етказиб берилмаётгани оқибатда кўплаб касаллар сарсон бўлаётгани, қийин аҳволда қолаётганини айтиб ўтган.
"175 миллиард сўм ажратиляпти онкологияга, аёлларнинг онкологиясига ёрдам бўлсин деб давлат ажратяпти, тўғрими? Менинг ишончим комил, бу давлат раҳбарининг ташаббуси. Давлат раҳбари ўшаларга ёрдам бўлсин деб ажратяпти бу пулни. 175 миллиард сўм онкология касалликларининг охирги 3-, 4-даражасида "койка"ни текин қилиш учун ажратилган бўлса, нима учун "койкалар" пуллик? Вазирлик эътибор бермаяпти", -деган Қодиров.
Айтилишича, 2025 йилда Онкологик касалликларга 175 миллиард сўм ажратилган. Аммо бу маблағлар касалларга етиб бормаяпти.
"Онкологик касаллар, айниқса, оғир аҳволдаги касалларга ёрдам бериш ўрнига биргина ётган ўрни учун анчагина тўлов талаб қилинса, улар қаерга борсин?! Бу соҳа бизнесга айланиб кетдими? Ёки ҳеч бўлмаганда оғир даражадаги касалларнинг "койка" тўлови учун ижтимоий ёрдам кўринишида қўшимча маблағ бериш таклифини вазирлик берса, биз депутатлар ҳам бюджет лойиҳасига таклиф киритамиз. Бу каби касалларнинг мурожаатлари кўп бўляпти", — дея таъкидлади партия раҳбари.
Депутатнинг сўзларига кўра, 2026 йилда онкология йўналишига 250 миллиард сўм йўналтирилмоқда.
Бундан олдин ҳам у инсульт ва онкология каби касалликларнинг ёшариб бораётганини фармацевтика бизнеси билан боғлаганди. Унинг сўзларига кўра, фармацевтлар учун одамлар саломатлиги энг охирги масала, биринчи ўринда эса иложи борича кўпроқ дори сотишга интилиш туради.
Шунга қарамай, Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Тошкент шаҳар онкология касалхонаси Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказига қўшилмоқда. Касалхона ходимлари ва 100 мингдан ортиқ саратон хасталиги билан курашаётган беморлар ушбу ҳаракатдан норози бўлиб, буни навбатдаги бизнес режаси бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Шифокорларнинг айтишича, ҳозирда диспансерда рўйхатда турувчи касаллар ЭКГ, УЗИ ва шифокор консультацияларини текинга олишади. Янги марказга кўчирилса, бу хизматларнинг барчаси пуллик бўлади.
Беморлардан бирининг таъкидлашича, янги шифохонада фақат палатанинг ўзи кунига тахминан 1 миллион 400 минг сўм туради. Депутат Алишер Қодиров ҳам буни танқид қилиб, "Онкология шифохоналарида битта ўрин тўловининг ўзи 1 миллион сўмга ошди. Бу соҳа бизнесга айланиб кетдими?"- дея савол қўйган.
Бош ҳамширанинг сўзларига кўра, шифохона кўчирилса, марказдаги ходимларнинг 60 фоизи ишсиз қолади.
Шифохона ҳудудининг катталиги ва шаҳарнинг қиммат жойи эканини инобатга олиб, мурожаатчилар бинонинг тақдири 2022 йилдаги каби бизнес-режа бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бинонинг кейинги йил Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилишини маълум қилган, аммо унинг бўлажак тақдири номаълумлигича қолмоқда.
Айнги пайтда Тошкент шаҳар онкология шифохонасида 500 нафар бемор даволаняпти, йилига эса 10 мингдан ортиқ беморга хизмат кўрсатилади.

Изоҳлар мавжуд емас