Тошкентда йирик савдо марказларида китоб дўконлари очиш мажбурий бўлади
Жамият

Тошкентда йирик савдо марказларида китоб дўконлари очиш мажбурий бўлади

15

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президентнинг 2026–2027 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган йирик савдо марказларида китоб дўконлари очиш мажбурий этиб белгиланди.

Шунингдек, "Toshkent kitob tijorat" уюшмаси аъзоларига турар жой массивлари, бозорлар, йирик савдо марказлари, кенг кўчалар ва одамлар гавжум жойларда енгил китоб павильонлари ҳамда "Book Cafe" ташкил этишга рухсат берилади. Тошкентда кечаю кундуз фаолият юритувчи сайр ҳудудларида махсус "Китоб кўчалари" ҳам барпо этилади.

Қарорга кўра, бўш турган давлат бино ва иншоотлари китоб дўконлари очиш учун тадбиркорларга беш йил муддатга бепул фойдаланишга берилади. Бундан ташқари, пойтахтда халқаро "Tashkent Book Fest" китоб кўргазма-ярмаркаси, "Энг китобхон туман" танлови ва аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштиришга қаратилган бошқа лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилишини эълон қилганди. Янги тузилманинг асосий мақсади 2030 йилгача мамлакатда аҳолининг китобхонлик даражасини ҳар бир киши учун йилига ўртача 10 та китобга етказиш этиб белгиланган эди.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...