Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 25 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг VII конференцияси бўлиб ўтди. Унда уюшманинг 2021–2025 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва келгуси устувор вазифалар муҳокама этилди. Шунингдек, Тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тингланди.
Конференция давомида Журналистлар уюшмаси бошқаруви ва Тафтиш комиссиясининг янги таркиби сайланган. Шунингдек, уюшма уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, янги ташкилий тузилмани тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.
Тадбирда 2026–2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Журналистлар уюшмасини ривожлантириш концепцияси ҳам тасдиқланган. Ҳужжат журналистларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, журналистика нуфузини ошириш ҳамда уюшма фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган устувор йўналишларни ўз ичига олади.
Конференцияда мамлакат медиа маконидаги долзарб масалалар, оммавий ахборот воситалари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва журналистлар учун яратилаётган имкониятлар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Ташкилий масалалар доирасида Шуҳрат Орипов Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви раиси этиб сайланган. Шунингдек, Дилшод Буриев ва Шаҳрибону Имамова уюшма раиси ўринбосарлари этиб тасдиқланган.

Изоҳлар мавжуд емас