Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. “Ғолиб бўл ва ютиб ол!” акциясининг хато таржима қилинганлиги Beeline компаниясига бир миллиард сўм фойда келтирган. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги “ViaMobi” компаниясига нисбатан қарши иш қўзғатиб, пулларни абонентларга қайтаришни талаб қилмоқда. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Агентлик хабар беришича, “ViaMobi” компанияси нотуғри рекламадан фойдаланган ҳолда Beeline Uzbekistan уяли алоқа оператори абонентларини чалғитган.
Оператор томонидан ўтказилган “Ғолиб бўл ва ютиб ол!” акцияси давомида унда иштирок этганлар ўз телефон рақамларига “Сизнинг рақамингиз 100 000 000 сўмлик супер ютуқнинг эҳтимолий соҳиби сифатида танланди! SMS орқали 3 сонини 6767 га юборинг! Хизматга обуна бўлиш нархи 1999 сўм/кун” мазмунида юборилган нотўғри матнни олганлар.
Акцияда 749 минг истеъмолчи иштирок этган бўлиб, жорий йилнинг март ойи ҳолатига компанияга улардан 1 миллиард сўм келиб тушган.
“ViaMobi” компаниясининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига берган маълумотига қараганда, мазкур акцияда иштирок этишга эътиборни жалб қилиш учун танланган абонентлар гуруҳига SMS-хабар юборилган. Бироқ, матнни мослаштириш (таржима қилиш) жараёнидаги хато туфайли хабарнинг маъноси ўзгариб кетган ва натижада абонентларга нотўғри вариант юборилган. Яъни, “сиз ғолиб бўлишингиз мумкин” ўрнига “сизнинг рақамингиз акция ғолиби сифатида танланди”, деган мазмундаги хабар жўнатилган.
Шу муносабат билан реклама берувчи - “ViaMobi” компаниясига нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларни бузганлик учун иш қўзғатилган. Агентликнинг маълум қилишича, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, нотўғри реклама оқибатида истеъмолчига етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
“Ғолиб бўл ва ютиб ол!” акцияси иштирокчилари нотўғри реклама натижасида етказилган зарарнинг қопланиши бўйича Агентлик ва акция ташкилотчисига мурожаат қилишлари мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас