Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икрамов Қашқадарё вилоятида сувга тушиб кетган болани қутқариб қолган ФВВ ходими Ҳусниддин Шараповга "Аъло хизматлари учун" кўкрак нишони ва пул мукофотини топширди.
Воқеа 23 май куни Китоб туманидаги "Боғбон" маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида содир бўлганди. Велосипед миниб кетаётган 9 ёшли бола мувозанатни йўқотиб, дарёга тушиб кетган эди.
Шу вақтда яқин атрофда бўлган Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, майор Ҳусниддин Шарапов боланинг акаси ёрдам сўраб чақирганини эшитиб, зудлик билан сувга сакраган ва болани қутқариб қолган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, қутқарув операцияси муваффақиятли якунланган ва бола ҳеч қандай жароҳат олмаган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши бўлиб, уйида оиласи бағрида экани билдирилган.
ФВВ раҳбарияти майор Ҳусниддин Шараповнинг жасорати ва фидокорона ҳаракатларини муносиб баҳолаб, уни вазирликнинг "Аъло хизматлари учун" кўкрак нишони ҳамда пул мукофоти билан тақдирлаган.

Изоҳлар мавжуд емас