Загрузка
Загрузка
Андижонда Soliq иловаси орқали 35 миллиард сўмлик кэшбек маблағлари талон-торож қилингани аниқланди
Ҳодисалар

Андижонда Soliq иловаси орқали 35 миллиард сўмлик кэшбек маблағлари талон-торож қилингани аниқланди

21
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан Soliq Mobile иловаси орқали 35,1 миллиард сўм бюджет маблағини кэшбек кўринишида қонунга хилоф равишда ўзлаштириш ҳолати фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда олти нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, турли шахслар номига жами тўққизта масъулияти чекланган жамият ташкил этгани аниқланган.

Текширув материалларига кўра, мазкур корхоналар ўртасида амалда ҳеч қандай молиявий муносабатлар бўлмаган бўлса-да, 2026 йил март-апрель ойларида компьютер технологиялари орқали жами 1,1 триллион сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилган.

Шунингдек, гумонланувчилар савдодан тушган маблағлар гўёки онлайн назорат-касса машиналари орқали кирим қилингани ва маҳсулотлар аҳолига сотилгани ҳақида харид чекларини шакллантирган. Натижада 100 минг 458 нафар фуқарога Soliq Mobile иловаси орқали кэшбек маблағлари ҳисобланган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу схема орқали 35,1 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.

Шу билан бирга, Андижон вилояти солиқ бошқармасининг айрим масъул шахслари ҳам текширув доирасига тушган. Улар мазкур корхоналар томонидан расмийлаштирилган 1,1 триллион сўмлик ҳисоб-фактуралар юзасидан қўшилган қиймат солиғи гувоҳномаларини бекор қилиш чораларини кўрмагани ҳамда шубҳали операциялар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермагани қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатларини давом эттириш учун материаллар прокуратура органларига юборилган.

Маълумот учун, биргина 2024 йилда ўзбекистонликларга 1 триллион сўмдан ортиқ кешбек тўланган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...