Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан телефон мулоқоти чоғида Ливандаги ҳарбий ҳаракатлар кескинлашуви юзасидан норозилик билдирган. Axios нашрининг ёзишича, суҳбат давомида Трамп Исроилнинг режалаштирилган айрим ҳаракатларини қаттиқ танқид қилган.
Нашр манбаларига кўра, Трамп Нетаньяҳунинг Байрутга зарба бериш эҳтимоли минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштириши ва Исроилнинг халқаро майдондаги яккалланишини кучайтиришидан хавотир билдирган. Суҳбат давомида АҚШ етакчиси асабийлашиб, ҳатто Исроил Бош вазирига кучли жаҳл қилган:
"Жин урсин, ақлдан оздингми?. Агар мен бўлмаганимда қамоқда ўтирган бўлар эдинг. Кетингни тозалаб юрибман. Ҳозир ҳамма сени ёмон кўради. Шу сабабли ҳамма Исроилни ёмон кўради”.
Маълум қилинишича, суҳбатдан сўнг Исроил томони Байрутдаги нишонларга зарба бериш режасидан воз кечган. Шу билан бирга, мамлакат жанубий Ливандаги ҳарбий операцияларни давом эттирмоқда.
Axios манбалари Трампнинг норозилигига Ливандаги тинч аҳоли қурбонлари сонининг кўпайиши ҳам сабаб бўлганини қайд этган. АҚШ раҳбари айрим ҳарбий амалиётларни номутаносиб деб баҳолаган.
Мазкур мулоқот Эроннинг Исроил ҳаракатлари сабаб АҚШ билан музокараларни тўхтатиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлари фонида бўлиб ўтган. Вашингтон Эрон билан олиб борилаётган музокаралар жараёнига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай кескинлашувдан хавотирда экани билдирилмоқда.
Суҳбатдан кейин Дональд Трамп ижтимоий тармоқда Эрон билан музокаралар жадал суръатларда давом этаётганини маълум қилган.
Биньямин Нетаньяҳу эса ўз баёнотида, агар "Ҳизбуллоҳ" ҳужумларни тўхтатмаса, Исроил Байрутдаги нишонларга зарба бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини таъкидлаган Шу билан бирга, у жанубий Ливандаги операциялар давом эттирилишини маълум қилган.
Умуман олганда АҚШ ва Эрон ўртасидаги уч ойлик зиддият янги босқичга чиққан. Томонлар ўртасидаги тинчлик музокаралари тўхтаб қолган бир пайтда, минтақада ҳарбий фаоллик кучаймоқда.

Изоҳлар мавжуд емас