Бўстон санаторийсида карантинда бўлган талабалар ўз оилаларига  қайтишди
Жамият

Бўстон санаторийсида карантинда бўлган талабалар ўз оилаларига қайтишди

1903

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz ЯА. 4 февраль куни Хитойдан қайтиб келган ўзбекистонликлар учун карантин муддати тугади. Мухбиримиз хабар қилишича, шу вақт мобанида Бўстон санаторийсида бўлган ўзбекистонликлар ўз оилаларига қайтишди.

Эслатиб ўтамизки, 4-6 февраль кунлари учта чартер рейси орқали 584 ватандошимиз - 459 нафар эркак ва 125 нафар аёл Хитойдан эвакуация қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳар бир рейсда юқумли касалликлар бўйича малакали мутахассислар ва эпидемиологлар йўловчилар соғлиги ва ҳароратини кузатиб боришган.

Тошкент халқаро аэропортида эвакуация қилинганларнинг тана ҳарорати қайта ўлчанган, кийим ва қўл юклари зарарсизлантирилган. Шундан сўнг, ватандошларимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мувофиқ, икки ҳафталик карантин учун махсус тайёрланган тиббий муассасаларга олиб борилган.

0391eadc9f3f9e6ac28ca.jpg

Карантиннинг биринчи кунида ва инкубация даври тугаганидан сўнг, коронавирус инфекциясига вирусологик лаборатория таҳлиллари ўтказилиб, натижада эвакуация қилинганларнинг бирортаси ҳам касалланмаганлиги аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология фаровонлиги агентлиги директори Баҳром Алматовнинг сўзларига кўра "Бўстон" санаторийси карантин талабларига мувофиқ тўлиқ жиҳозланган, тиббий ускуна ва препаратлар, дезинфекциялаш воситалари, сарф материаллари, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминланган.

Бу ерга жойлаштирилган талабалар тиббий назорат остида бўлиб, кунига уч маҳал сифатли овқат билан таъминланган. Айрим хоналарда хавфсизликни таъминлаш учун Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан навбатчилик қилинган.

Тошкент вилояти Бўка туманидан Севара Миралиева карантин қандай ўтганлигини айтиб берди:

- Хитойдаги эпидемиологик вазият туфайли тушкунликка ва катта хавотирга тушдик. Қийин вазиятда бўлганимизда давлатимиз кўрсатган ғамхўрликдан хурсанд бўлдик. Она юртимизга қадам босиб енгилликни ҳис қилдик. Биз жойлашган санаторийда барча шароитлар яратилган. Жуда яхши дам олдик, бир-биримиз билан дўстлашдик. Ростини айтсам, бу жойни ҳаттоки тарк этишни хохламадик.

Биринчи рейс билан келган ва Бўстон санаторийсида бўлган 294 нафар талабанинг карантин даври бугун ўз ниҳоясига етди. 5 ва 6 февраль кунлари Хитойдан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар эртага ва индин куни ўз қариндошлари ёнига қайтиб боришади. Бу тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилмоқда.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...