Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров инсульт ва онкология каби касалликларнинг ёшариб бораётганини фармацевтика бизнеси билан боғлади. Унинг сўзларига кўра, фармацевтлар учун одамлар саломатлиги энг охирги масала, биринчи ўринда эса иложи борича кўпроқ дори сотишга интилиш туради. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
"Инфаркт ёшарди, инсульт ёшарди, диабет ёшарди, онкология ёшарди. Буларнинг барчаси фармацевтика бизнеси туфайли эмасми? Шу билан пул топишади. Халқимиз саломатлиги - бешинчи масала. Асосийси - дори-дармонларни сотиш", - дея депутатнинг сўзларини келтирган партия матбуот хизмати.
Қодировнинг таъкидлашича, шифокорлар кўпинча беморга бир неча миллион сўмлик дори-дармон ёзиб беради. Унинг сўзларига кўра, рўйхат ўрганилганда, уларнинг асосий қисмини биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ташкил этиши маълум бўлган. Депутат "беморларни товарга айлантириш"га чек қўйишни таклиф қилди.
"Диабетик - мана, масалан, битта яраси пайдо бўлса, қанча азоб чекади? Битта ярани даволаш учун унга 5-6 миллионга дори ёзилади. Бу дориларнинг ичига қарасангиз, БФҚлар бор. Бу ерда диабетга қарши биологик фаол қўшимчаларнинг нима аҳамияти бор? Баъзи дорилар одамга қувват бағишласа, баъзилари билмадим, мутахассис эмасман. Ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап Ўзбекистонда беморни товарга айлантириш тушунчасининг ўзини йўқ қилиш кераклиги ҳақида кетмоқда", - дея хулоса қилди сиёсатчи.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда фармацевтика компаниясининг собиқ ходими қиммат импорт дори воситаларини сотиш схемасини ошкор қилгани акс этган видео пайдо бўлган эди. Унинг сўзларига кўра, дориларни мамлакатга олиб кирадиган компаниялар уларни шифокорлар билан келишган ҳолда тарғиб қилмоқда. Шунингдек, кўп ҳолларда дори-дармонлар дорихоналар ўрнига тўғридан-тўғри тиббиёт ходимларига сотиш учун берилади.

Изоҳлар мавжуд емас