Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Бугунги кунда сайёрамиз мисли кўрилмаган таҳдид - коронавирус инфекциясига дуч келди. Дунё бўйлаб юк етказиб бериш занжири узилди, туризм инфарктолди ҳолатдадир. Ҳатто энг ривожланган мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизими ҳам бунга тайёр эмас экан. Буларнинг барчаси дунё мамлакатларида эълон қилинган карантин шароитида кечмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда инсоният янада хавфли таҳдидга дуч келиши мумкинлиги ёддан чиқмоқда. Гап коронавирус туфайли долзарб бўлиб қолган медиасаводхонликнинг мутлақо йўқлиги ҳақида кетмоқда. Вакциналар орқали глобал чиплаштириш, коронавирусни тарқатадиган 5G миноралари, судралувчиларнинг бостириб кириши каби ёлғон хабарларга кўплаб одамлар ишониб келишмоқда.
Batafsil.uz мухбири таниқли психолог-амалиётчи Бобоёр Тўраев билан суҳбатлашди. Мутахассиснинг фикрича, медиа-саводхонликнинг йўқлиги глобал ақлдан озишга олиб келадиган энг хавфли вирусдир.
- Сизнингча, Ўзбекистонда медиасаводхонлик билан боғлиқ вазият қандай?
- Менинг шахсий фикрим шундан иборатки, одамлар ҳозир жуда кўп ахборотни саралаб олишмаяпти. Мазкур ҳолат нафақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга тааллуқлидир. Бу, айниқса барчамиз учун янги ҳақиқатни воқеликни яратган Интернетга тегишли.
Ўқиганлари тўғрисида тасдиқланган маълумотни топишга ҳаракат қиладиган кишилар жуда кам, кўпчилигимиз табиатдан дангаса бўлиб дарҳол ишонишни афзал кўрамиз. Агар блогер ёки журналист нейропсихика нуқтаи назаридан бирон бир нарсани, яъни баъзи махсус сўзлар ва визуал тасвирларни қўшадиган бўлса - бу қўшимча ҳис-туйғулар ва ҳаттоки исботланмаган далилларга ишончни пайдо қилади.
Ҳис-туйғулар ижтимоий тармоқларда одамларни бошқаради. Шунинг учун нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда оммавий ахборот воситаларида медиасаводхонлик борасида мутлақо хабарсиз одамлар бор. Бу жуда жиддий муаммо саналиб, мактаб ва ОМда тегишли курсларни жорий этишни тақоз этмоқда. Ҳеч бир жойда, Америкада ҳам, Россияда ҳам тизимли равишда маълумотни тўғри қабул қилиш, унинг ишончлилигини текшириш ва навбатдаги шов-шувли хабарга қандай жавоб бериш кераклиги ўргатилмайди.
Яна бир муҳим омил шундан иборатки, дунёда маълумотни визуал қабул қилиш гигиенаси мавжуд эмас. Зўравонлик, жинсий қийноқлар, беадаблик, бузуқликни акс эттирган лавҳалар роликларда ва рекламада учраб турибди. Гоҳида биринчи қарашда зарарсиз туюлган “Евроньюс” телеканалини кўрадиган бўлсангиз, тўсатдан шафқатсиз саҳналарни намойиш этадиган ёқимсиз сюжет гавдаланади.
Албатта, ҳар биримиз нимани томоша қилишни танлаш ҳуқуқига эгамиз. Аммо кўпинча кимгадир керакли ахборот мажбуран сингдирилади. Назаримда, бунга маълумот узатадиган кишилар - саводсиз журналистлар, ньюсмейкерлар, блогерлар ва операторлар сабабчидир.
Бундан ташқари, ҳозирда ижтимоий тармоқларда инсонни чарчатадиган жуда кўп ахборотлар мавжуд. Уларда янгилик ва илмий асос мутлақо йўқ, аксарият ҳолларда улар маънан бойитиш ва илҳомлантиришга хизмат қилмайди. Бу тап-тайёр ибтидоийлик ва саводсизлик бўлиб, ҳамма жойда - Ўзбекистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам кенг тарқалган.
Эҳтимол, бир кун одамларнинг медиасаводхонлик тўғрисида жиддий ўйлайдиган вақти келар. Зеро бу гўдаклигидан бошлаб ҳар қандай кишининг эътиқоди, дунёқараши ва хулқ-атвор моделига таъсир қилади.
Бола келажакда зўравон бўладими ёки ижодкор-бунёдкорми? Бу ҳар куни фойдаланаётган ахборотни идрок этишга боғлиқ. У ахборотни ота-онасидан, таълим муассасаси ичида бошқа болалар билан мулоқот пайтида олади. Бола катталар унга қандай турдаги ахборотни тақдим этишаётганини назорат қила олмайди. Бу берк кўчадир. Оммавий саводсизлик ҳалокатга олиб келади. Вақт келади, бу коронавирус ва эболадан ҳам хавфли вирусга айланади. Мия ишлов беришга улгурмайдиган жуда кўп ахборотдан одамлар ақлдан озишиши мумкин.
-Ҳозир ижтимоий тармоқларда одамлар мақолаларни тўлиқ ўқимай, сарлавҳадан келиб чиққан ҳолда хулосалар чиқарадиган ғалати бир тенденция пайдо бўлди. Психология нуқтаи назаридан бунинг сабаби нимада?
- Биринчи сабаб - бу ахборотнинг ҳаддан зиёд кўплигида. Буни ахборот портлаши деб ҳам аташ мумкин. Оддий бир мисол: битта гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилганингизда, ихтиёрингизга қарши бошқа гуруҳга қўшиб қўйишади.
Ҳар-бир кишининг Телеграм лентасида ўнлаб, ҳаттоки юзлаб янгиликлар мавжуд. Аммо диққат билан қарасангиз, аксарият ҳолларда бу салбий ёки вазиятни чигаллаштириш билан боғлиқ ахборотлар. Инсон бу ерда ҳам гигиенани сақлашга ҳаракат қилади: ҳар куни алоқаларни тозалайди, гуруҳларни йўқ қилади, жиноий тусдаги янгиликларни ўчиради. Аммо, барибир, маълум вақт ўтгач, у яна шунга ўхшаш юзлаб гуруҳларга тушиб қолади.
Масалан, фойдаланувчи сифатида мен буни бошқаришим қийин, бу борада менда куч йўқ. Ижтимоий тармоқлар ва барча турдаги мессенжерлар бизга "ахлат" ахборотларни тақдим этади.
Ахборот жуда кўп бўлса, уни ўқишингиз келмайди. Шунинг учун, ҳар-бир киши сарлавҳаларни ўқийди. Буни билимли ҳам, саводсиз кишилар ҳам амалга оширадилар. Аммо агар биз сарлавҳада ҳиссий рангдаги бўлган баъзи сўзларга дуч келсак, у ерда психологик ҳийла бўлса, уни босиб, сайтга ўтишим келади. Агарда алданадиган бўлсак ва мақолада ўткир саволлар кўрсатилган бўлсаю, жавоблар бўлмаса ёки сарлавҳада шов-шув кўрсатилиб, унинг ўзи бўлмаса, биз аста-секин чекинамиз ва кейинги сафар ушбу манбага нисбатан эҳтиёт бўламиз. Аммо бу сайтни ёки гуруҳни мутлақо тарк этишни англатмайди., Муайян вақт ўтгач, биз яна бир ҳийлага тушамиз. Аслида бизни у ерга тортадиган жуда кўп воситалар мавжуд.
Нега биз ҳиссиётларга бериламиз? Масалан, янгиликлар ёки ижтимоий тармоқларда чоп этиладиган нарсаларга дейлик, айрим ғарб мамлакатларида эҳтиросли муносабатда бўлишни тасаввур қилиш қийин. Бизнинг халқимизда эпматия даражаси жуда юқори. Биз меҳрибонмиз, ҳамдардлик, раҳмдилликни намоён этамиз ва шу сабабдан виртуал воқеликда бизни бошқариш жуда осон.
Ҳамдардлик қилиш кўпинча ўзимизга қарши ишлайди. Ахир, атрофимизда ёмон кучлар жуда кўп. Бу борада Ўзбекистон ҳам инсон ресурслари, ҳам табиий ресурслар нуқтаи назаридан жозибадор ҳудуд саналади. Биз кўпчилик боришни хоҳлаган жоймиз ва аралашишга бўлган ҳаракатлар қилинмоқда. Буни психолог сифатида ҳам, Ўзбекистон фуқароси сифатида ҳам кузатмоқдаман.
Бизга қарши аста-секинлик билан олиб борилаётган ахборот уруши ҳеч қачон тўхтамайди, вақти-вақти билан провокацион тусдаги мақолалар фаоллашиб, кейинчалик пасаяди. Босқичма-босқич виртуал воқеликда айрим воқеаларни бузиб кўрсатган ҳолда, маълум бир доирадаги одамларда муайян эътиқод шакллантирилади. Бунга ишонган издошлар эса уларга эргашиб бораверадилар. Шартли "куратор”лар бундай кишиларни бошқарадиган қаҳрамонлар, блогерлар ва лидерларни ўйлаб топишади. Биз бу урушда ютқазаяпмиз. Бу менинг ижтимоий психолог сифатидаги фикрим. Кўплаб одамлар аллақачон зомбига айланиб бўлишган, ўз мамлакатлари ҳақида салбий тасаввурга эга. Шунинг учун вақти-вақти билан ваҳимачилар ижтимоий тармоқларга бирон-бир провокацион хабарни ташлаб туришади.
- Сизнингча, ўзбекистонликлар ахборот маконида ишлатилаётган турли ҳийлалардан қанчалик ҳимояланган?
- Биз умуман ҳимояланмаганмиз ва кишиларни ҳимоя қилиш учун ОАВ, ҳукумат, илмий ҳамжамият, зиёлиларимизни миллий иммунитетни шакллантириш чоралари ҳақида ўйлашлари керак. Бу айниқса ёшларга тегишлидир.
Ҳозирда давлатда мултфильмлар, янгиликлар, ҳикоялар ва қалбаки хабарлар орқали кириб келаётган салбий таъсирдан аҳолини ҳимоя қилиш бўйича ҳеч қандай ғоя ва лойиҳалар мавжуд эмас. Бизни ахборот орқали ўлдирмоқдалар, одамлар чарчаган, ички куйиш жараёни кечмоқда, кишилар ҳолдан тойган, биз ҳаммамиз йиллар давомида тўпланган ва бир кун келиб портлаши мумкин бўлган стресс остида яшаяпмиз.
- Фаолиятингиз давомида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик фикрини бошқаришга бўлган уринишларга дуч келганмисиз?
- Албатта, барча ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, YouTube ва TikTok бу билан шуғулланиб туришади. Ҳамма жойда қандайдир гуруҳларнинг манфаатлари бор, махсус соҳаларда ишлайдиган тролл фабрикалари мавжуд. Улар билан курашиш жуда қийин, биз уларни назорат қила олмаймиз, лекин улар онгимиз, идрокимиз орқали бизни бошқаришга ҳаракат қилишади, улар бизни уриштириб қўйишлари мумкин ва бу жуда хавфлидир. Уларнинг асосий мақсади - халқни бошқариш, уни керакли йўналишга қаратиш ва охир-оқибат ҳокимиятни ўз назоратига олишдир.
- Мактабларда ахборот хавфсизлиги бўйича болалар учун бирон бир психологик машғулотлар ўтказилиши керакми?
- Албатта, юз фоиз. Масалан, мен буллинг (ўқув юртларида болаларни таҳқирлаш - таҳририят) тўғрисида мақола ёздим. Афсуски, мамлакатимизда у чоп этилмади. Шу билан бирга, менинг мақолаларим АҚШ, Польша ва Россиядаги илмий журналларда нашр этилди.
Менинг ғоям шундан иборат эдики, болани таъқиб қилишни кутиш ёки битта мактаб психологи бу муаммони ҳал қилишига ишонишингиз керак эмас. Ахир у ерда болалар жуда кўп. Агар сизда энг етакчи техникага эга юқори малакали психолог бўлса ҳам, у мактаб ичидаги муаммони бир ўзи бартараф эта олмайди.
Назаримда, психологик иммунитетни доимий равишда кучайтирадиган автоматлашган психологик ҳимояни амалга ошириш керак. Ҳозир эса бу долзарб бўлиб қолгандагина ёдга тушмоқда. Ушбу жараёнда қандай қилиб болаларнинг эътиборини таълимга йўналтириш масаласи катта роль ўйнайди.
Афсуски, бундай муассасаларда вақтнинг 40 фоизи кераксиз гап сўзга сарфланади. Университетда ҳам шу ҳолат- талабалар университетдаги вақтни ортиқча юк сифатида қабул қилишади, кўпчилик ўқишдан завқланмайди. Уларнинг университетлардаги вақти кўп жиҳатдан таълимга тааллуқли эмас. Худди шу нарса ўқитувчиларга ҳам тегишли - у ерда кимдир кимнидир назорат қилишга уринади, фитна ва ғийбат, ишдан бўшатишлар бошланади.
- Психология нуқтаи назаридан, одамда ахборотни танқидий идрок этишни ривожлантириш мумкинми?
- Ҳа, шунинг учун биз тренинглар олиб борамиз ва шу масалалар устида ишлаяпмиз. Мактабда болаларда танлаш ҳуқуқи йўқ, уларга умумэътироф этилган стандарт билимлар берилади. Аммо айнан мактабларда танқидий фикрлашни ривожлантириш зарур.
Бир вақтлар мен пойтахтнинг иккита ОТМда психолог сифатида ишлаганимда, талабаларнинг ҳолати, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва психологик муаммоларини ўрганганман. Менинг кузатишларим шуни кўрсатдики, талабаларда шахсий ва психологик муаммолар жуда кўп. ОТМ билим ва маълумот беради. Аммо бу билимларни ҳаётда қандай қўллаш бўйича воситалар ва кўникмалар берилмайди.
Мен тажрибамда ОТМдаги эргашишга мойил талабалар, диний ақидапарастлик мутаассиблари билан учрашганман. Уларда айнан танқидий фикрлаш йўқ эди. Улар кимдир томонидан сингдирилган ахборот таъсири остида эдилар.
Болалар боғчасидан бошлаб таълим муассасаларида психологиянинг фикрлаш ва стрессларнинг ҳаётимизга таъсири ҳақидаги соҳаларини аниқ тақсимлаш жуда муҳимдир.
Бу борада бир савол туғилади - таълим муассасаларида психолог нима қилиши керак? Стресс омилларини аниқлаб, психологик иқлимни яхшилашга ҳаракат қилишми ёки танқидий фикрлашни ривожлантириш устида ишлашми? Шу муносабат билан вазирликлар ушбу саволлар устида пухта ўйлаб кўриб, тўғридан-тўғри ўқув муассасалари ичида ишлашни бошлашлари керак.
Бир фикрни қайта-қайта такрорлаш жуда муҳимдир – психологнинг якка ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Танқидий фикрлашни ривожлантириш учун ахборотни тўғри қабул қилиш, манипуляцияларга берилмасликни ўргатадиган тренерлар ва мураббийлар керак. Маълум бир тоифадаги мураббийлар ҳақида гапирар эканмиз, медиасаводхонлик билан шуғулланадиган мутахассислар зарур.
Яқинда йирик компаниялар ходимларнинг ментал саломатлиги билан шуғулланадиган мутахассисларни таклиф қила бошладилар. Улар учун ходимларнинг ўзларини яхши ҳис қилишлари жуда муҳимдир, чунки бу ишлаш самарадорлигига таъсир қилади. Афсуски, бизнинг мамлакатимизда боланинг ахборотни идрок этиши бўйича иш олиб борадиган мутахассислар йўқ. Аммо, албатта улар келажакда пайдо бўлади. Бу масала аллақачон миллий манфаатлар ва мамлакат мафкураси доирасига кириб борган.
Агар давлат ҳар-бир кишининг фикрлаш экологиясига қизиқиш билдирса, демак, давлат даражасида медиасаводхонлик устида ҳозирдан ишлашни бошлаш керак. Келажакда одамлар шафқатсиз, митинглар, талон-тарожликлар бўлмаслиги учун бу жуда муҳимдир. Ҳозирда АҚШда содир бўлаётган воқеалар ушбу кампания иштирокчиларининг саводсизлиги билан боғлиқ.
Ўз сиёсий нуқтаи назарини ифода этиш - бу битта масала. Аммо талончилик билан шуғулланиш - бу бошқа турдаги кескин ҳолат. Шунинг учун одамларни ижтимоий ва психологик жиҳатдан ҳимоя қиладиган ёки уларга ахборотдан ҳимоя қилиш кўникмаларини ўргата оладиган мутахассисларга муҳтожмиз. Ахборот тобора кўпаяди, янги сайтлар пайдо бўлишни давом этмоқда ва улар орасида албатта вайронагарчилик тарафдорлари ҳам бўлади.
Салбий омил ҳар доим ахборот майдонида қолади ва келажакда ахборот вирусининг пандемияси юзага келиши мумкин.
Фарзандларимиз биздан кўра янада ҳимоясиз бўлишади. Масалан, коронавирус пандемияси даврида зарарли ва қўрқинчли ахборот жуда кўп эди. Ота-оналар ўз фарзандларига ташвишланиш намунасини кўрсатдилар. Натижада энди болалар ота-оналари каби фикрлайдилар. Бу дегани, улар кўпроқ ташвишланадиган, ипохондрик, ваҳима ҳужумлари таъсирига молик, эҳтиёткор авлод бўлишади.
Келажакда бизни янги трендлар, янги одатлар, ўзгача тафаккур ва эътиқод кутмоқда. Буларнинг барчаси бизни бир-биримиздан узоқлаштиради, бошқа қадриятлар юзага келади.
Янги авлод бутунлай бошқача бўлиб, бир-биримизни тушунишимиз қийинлашади. Агар ҳозирдан биз уларнинг психологик гигиенасини, яъни руҳ экологиясини такомиллаштириш, уларни ҳимоя қилиш, ишонч кўникмаларини бериш устида ишлашни бошласак, ҳали ҳам имкониятимиз бор.
Келажак авлод стресс омиллари остида яшамаслиги, ҳийлаларга эмас, ўзига ўхшаш одамларга ишониши учун уларни мактаб ва ОТМда тўғри тарбиялаш, бошқаларга ишончсизликни келтириб чиқарадиган ваҳима ҳужумларини енгишга ёрдам бериш керак.
- Катталар коронавирус қурқувидан қутулишадими?
- Бўлиб ўтган воқеадан онгости даражасида шикаст олганмиз. Олдинда эса янги вируслар ва уларнинг таҳдидлари кутмоқда. Агар бирор киши, дейлик қичима касаллиги билан касалланган бўлса, унинг хаёлида доимо "ёнимдаги одам касал бўлса-чи?", деган фикр ётади ва ундан четда юришга ҳаракат қилади.
Коронавирус барчамизни уч тоифага ажратди. Биринчиси, ўзига ишончсиз бўлган кишилар. Уларни ваҳима босди, ҳаммадан ўзини чегаралаб қўйди. Айнан улар энг кўп шикастланди. Иккинчи тоифа ўзига ишонадиган бўлиб, улар содир бўлаётган воқеларга эътибор беришмайди. Бу бир вақтнинг ўзида ички исён, қўрқувга қарши курашдир. Бундай одамлар бошқаларни манипуляция қилишга, тизимга қарши гапиришга, ҳуқуқларни рўкач қилишга уринишади. Лекин ўзлари ҳам ваҳима ҳолатида бўлишади. Бу невротизмнинг бир шакли. Учинчи тоифага эса адекват ва доно одамлар киради. Улар нима бўлаётганини кузатадилар. Ушбу хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда, юзага келган ҳолат ҳаммамизни турли шаклда тарк этади.
Изоҳлар мавжуд емас