Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига "Адолат" партияси фракцияси ташаббуси билан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси киритилди.
Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан ушбу ҳужжатни навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритиш бўйича қарор қабул қилинди ва Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси масъул этиб белгиланди.
Тайёрланган қонун лойиҳасига кўра, Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда бир қатор қонун ҳужжатларига болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонлик ҳолатлари учун жазо чораларини кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу муҳим қонун лойиҳаси 29 сентябрь куни ўтказиладиган Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистонда ўлим жазосини қайтариш ташаббусини қўллаб-қувватлаганди. Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги боғчада 5 ёшли қизчанинг ходим томонидан жинсий тажовузга учраши ортидан жамиятда ушбу олий жазо чорасини қайтариш бўйича муҳокамалар қайта авж олган эди.

Изоҳлар мавжуд емас