Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонга ташриф буюрган россиялик мутахассислар гуруҳи раҳбари, анестезиолог-реаниматолог, Москвадаги Пирогов номидаги Миллий тиббиёт ва жарроҳлик марказининг анестезиология ва реаниматология кафедраси мудири Михаил Замятин Ўзбекистонда коронавируснинг кечиш хусусиятлари ҳақида гапириб берди.
"Ўзбекистонда D витамини ва озиқланиш масаласи ўзига хос хусусиятларга эга. Хусусан, бу ер қуёшли минтақа бўлишига қарамай, аҳолига D витамини етишмаслигини аниқ айтишимиз мумкин. Қуёшли минтақа деганда ултрабинафша нурлари албатта ер юзига этиб боради, дегани эмас. Ўзбекистон қуёшли ва қумли мамлакат, бу ерда чанг кўп. Шунинг учун ҳавода чанг ёстиғи пайдо бўлади", - деди у Batafsil.uz мухбирига.
Замятиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги беморларда касаллик ўзгача кечади. Нима учун бундай бўлаётганини тушуниш учун ўзбекистонлик ва россиялик шифокорлар томонидан бир қанча сабаблар ўрганилди. Булардан бири - чанг ёстиғидир.
"Ер юзасида пайдо бўлган чанг ёстиғи одамларга D витамини етишмовчилигини олдини олиш учун зарур бўлган ультрабинафша нурланиш даражасини олишига тўсқинлик қилади. Бошқа томондан, кўп тўйинмаган ёғли кислоталарнинг етишмаслиги мавжуд, чунки таомномада ёғли балиқлар йўқ. Бу эса ўпка учун жуда муҳимдир", - дея таъкидлади суҳбатдошимиз.
Унинг сўзларига кўра, яна бир муҳим жиҳат шундаки, мамлакатда мевалар кўп бўлишига қарамай, кузатувлар аҳолида витамин етишмаслигини кўрсатмоқда.
"Шунинг учун ҳар қандай ўткир респираторли вирусли инфекция сингари, ковид билан касалланганда аскорбин кислотаси дозасини кўпайтириш, мултивитаминлар ва Д витамини ичиш тавсия этилади. Бу мутлақо тўғри қарор. Кўп суюқлик истеъмол қилиш, детоксикация ва ҳарорат пасайтирувчи дориларни қабул қилиш каби мазкур тавсиялар умумий характерга эга”, - деди Замятин.
Бундан ташқари, унинг қўшимча қилишича, касалликнинг дастлабки 7-8 кунлари инсонда иммунитет шаклланади.
"Бу вақтда соғлом одам вирусга тўғри жавоб қайтаради. У вирусни йўқ қилади, у билан курашади. Дастлабки кунларда гормонал дорилар жуда хавфли, бу энг нотўғри ва салбий қарорлардан биридир. Ҳозир ҳамма қўрқиб қолган, Интернетда гўёки дексаметазон ёрдам беришини ўқишган. Беморнинг ҳарорати ошиб кетиши биланоқ, унга гормонлар берилади. Натижада иммунитет тизими блокланади ва енгил шакллар фонида вирус билан курашадиган одамлар 2-3 кун давомида иситма қилиши ўрнига ўртача оғирлик ҳолатига келиб қолишади.Оқибатда узоқ муддат, бир ой ёки бир ярим ой даволанишларига тўғри келади», - деди россиялик мутахассис.
Шунинг учун унинг фикрича, кераксиз дори-дармонларни қабул қилиш инсон касаллигининг манзарасини тубдан ўзгартириши мумкин. Бу билан касалликни енгиб бўлмайди, аксинча - организмга жиддий зарар етказилади.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Михаил Замятин ковидни даволашда Ўзбекистон шифокорлари қандай қийинчиликларга дуч келаётгани ҳақида гапириб берганди.
Изоҳлар мавжуд емас