Загрузка
Загрузка
АҚШ Эронга зарба берди. Теҳрон ҳужумларни БМТ Низоми бузилиши деб баҳоламоқда
Дунё

АҚШ Эронга зарба берди. Теҳрон ҳужумларни БМТ Низоми бузилиши деб баҳоламоқда

12
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ ва Эрон ўртасида бир неча кун аввал эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви яна жиддий синовга дуч келди. Ҳўрмуз бўғозида юк кемасига дрон орқали ҳужум қилинганидан кейин Вашингтон Эрон ҳудудидаги ҳарбий объектларга зарба берди. Теҳрон эса бу ҳужумларни халқаро ҳуқуқ ва икки томон ўртасидаги келишувнинг қўпол бузилиши деб атаб, жавоб зарбалари берганини маълум қилди.

Воқеалар 26 июнь куни Ҳўрмуз бўғозида Сингапур байроғи остида ҳаракатланган Ever Lovely юк кемасига дрон ҳужуми уюштирилиши билан бошланган. АҚШ расмийларига кўра, кема халқаро савдо йўлаги орқали ҳаракатланаётган бўлган. Ҳужум оқибатида кеманинг бошқарув қисми шикастланган, аммо экипаж аъзолари жабрланмаган.

Эрон эса мазкур кема мамлакат томонидан белгиланган навигация қоидаларига амал қилмагани ва рухсат этилмаган йўналиш орқали ҳаракатланганини билдирган. Теҳрон бу ҳаракат хавфсизлик қоидаларига зид бўлганини таъкидлаган.

Ҳодисадан бир кун ўтиб АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эроннинг Ҳўрмуз бўғози атрофидаги ракета ва дрон омборлари, шунингдек, қирғоқ кузатуви учун хизмат қилувчи радиолокация объектларига ҳаво зарбалари берганини маълум қилган. CENTCOM бу операцияни "тижорат кемаларига қилинган ҳужумга кучли жавоб" деб атаган ва АҚШ халқаро кемаларнинг Ҳурмуз бўғози орқали хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашда давом этишини билдирган.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг юк кемасига ҳужумини "ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувнинг аҳмоқона бузилиши" деб баҳолаган. Вице-президент Жей Ди Вэнс эса Эрон келишув юзасидан эътирозлари бўлса, музокаралар йўлини танлаши кераклигини айтиб, "зўравонликка зўравонлик билан жавоб берилади", дея баёнот берган.


АҚШ зарбаларидан сўнг Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари АҚШнинг минтақадаги ҳарбий объектларига жавоб зарбалари берганини маълум қилган. Расмий Теҳрон бу ҳаракатлар мудофаа характерига эга бўлганини таъкидлаган ҳамда агар АҚШ ҳужумларни давом эттирса, жавоб чоралари янада кенг кўламли бўлишидан огоҳлантирган.

Орадан кўп ўтмай Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиққан. Вазирлик АҚШнинг соҳилдаги кузатув иншоотларига берган зарбалари БМТ Низомининг 2-моддаси 4-бандини, шунингдек, 17 июнь куни имзоланган ўт очишни тўхтатиш бўйича ўзаро англашув меморандумининг биринчи бандини очиқдан-очиқ бузганини билдирган.

Шу билан бирга, ТИВ Исроил ҳам АҚШ билан мувофиқлаштирилган ҳолда Ливан ҳудудига ҳужум қилганини ва бу ҳам меморандум шартларига зид эканини қайд этган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мамлакатнинг жавоб зарбалари фақат мудофаа мақсадида амалга оширилган. Вазирлик юзага келган вазият ва унинг барча оқибатлари учун масъулият АҚШ зиммасида эканини билдириб, Форс кўрфазининг жанубий соҳилидаги давлатларни ўз ҳудуди ва инфратузилмасидан Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар учун фойдаланишга йўл қўймасликка чақирган.

Ҳўрмуз бўғози дунёдаги энг муҳим нефть ва газ ташиш йўлакларидан бири ҳисобланади. Сўнгги кескинликлар минтақадаги хавфсизликка ва халқаро энергетика бозорларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар кучаймоқда.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...