Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда йўловчилар учун божхона декларациясини тўлдириш ва товарларни олиб кириш-чиқариш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, айрим декларациялар электрон шаклда расмийлаштирилади, шунингдек, фуқаролар учун божсиз олиб кириш ва декларациясиз олиб чиқиш меъёрлари белгиланган.
Янгиланган тартибга мувофиқ, электрон декларациядаги маълумотлар хавф даражаси паст деб баҳоланса, уни божхона ходимининг бевосита иштирокисиз автоматик расмийлаштириш имконияти назарда тутилган. Бу жараён йўловчиларнинг божхона назоратидан ўтишини соддалаштиришга қаратилган.
Чет элдан шахсий эҳтиёж учун товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари қуйидагича:
- халқаро аэропортлар орқали — 1 000 долларигача;
- темир йўл ва дарё транспорти орқали — 500 долларигача;
- автомобиль ёки пиёда ўтказиш пунктлари орқали — 300 долларигача.
Шунингдек, айрим товарлар учун миқдорий чекловлар белгиланган.
Жумладан, 2 литргача алкоголь маҳсулоти, 200 дона сигарет, 5 дона сигара ёки 100 грамм тамаки олиб кириш мумкин. Атир маҳсулотлари эса 3 донагача, ҳар бири 300 миллилитрдан ошмаган миқдорда божсиз олиб кирилади.
Бундан ташқари, йўловчи темир йўл, дарё ёки автомобиль ўтказиш пунктлари орқали кирганда хорижда 2 кундан кам, аэропорт орқали кирганда эса 3 кундан кам бўлган бўлса, божсиз олиб кириш меъёрлари қўлланилмайди.
Бир ой ичида хорижга уч ва ундан ортиқ марта борган шахсларга нисбатан ҳам ушбу чеклов татбиқ этилади.
Фуқаролар мамлакатдан қуйидаги маҳсулотларни белгиланган миқдор доирасида божхона декларациясисиз олиб чиқиши мумкин:
- гуруч — 3 килограмм;
- нон ва нон-булка маҳсулотлари — 5 килограмм;
- гўшт маҳсулотлари — 2 килограмм;
- шакар — 2 килограмм;
- ўсимлик мойи — 2 килограмм;
- мева-сабзавот — 40 килограммгача;
- заргарлик буюмлари — 65 грамм олтин ва 200 грамм кумуш.
Товарларни декларациясиз олиб чиқишда уларнинг умумий қиймати 5 000 долларидан ошмаслиги керак.
Нақд миллий ва хорижий валютани олиб чиқиш бўйича ҳам чеклов мавжуд. Жисмоний шахслар 100 миллион сўм эквивалентигача бўлган нақд маблағни олиб чиқиши мумкин. Ушбу миқдордан ортиқ пул маблағларини олиб чиқишга қонунчиликда белгиланган тартиб ва истиснолар асосида рухсат берилади.

Изоҳлар мавжуд емас