Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентдаги Эски Жўва бозорида савдо қилувчи Санжар Каримов ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармагани учун 3 суткага маъмурий қамоққа олинди. "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов эса воқеа ҳукумат мутасаддисининг бозорга ташрифи арафасида содир бўлганини билдириб, сотувчи унинг олдига чиқиб, қариндошининг қамалиши юзасидан шикоят қилмоқчи бўлганини айтди.
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати маълум қилишича, воқеа 2026 йил 16 ноябрь куни содир бўлган. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди Санжар Каримовни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топган.
Ҳодиса қандай содир бўлган?
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Эски Жўва бозорида савдо қилаётган фуқаро билан ички ишлар органи ходими ўртасидаги мулоқот акс этган.
Видеода ходим сотувчидан савдо жойини бўшатишни ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини кўрсатишни талаб қилади. Фуқаро эса савдо қилаётганини, ҳалол меҳнат билан шуғулланаётганини айтиб, нима сабабдан жойни бўшатиши кераклигини сўрайди.
Кейинчалик ходим уни ички ишлар бўлимига боришга чақиради. Сотувчи эса ҳеч қандай қоидабузарлик содир этмаганини айтиб, боришдан бош тортади. Мулоқот давомида у паспортни беришга ҳам эътироз билдиради.
Абдураҳмон Ташанов нима деди?
Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, 16 ноябрь куни бир мансабдор Эски Жўва бозорига ташриф буюрган. Унинг таъкидлашича, ташриф олдидан бозор ички ишлар ходимлари томонидан "норози кайфиятдаги фуқаролар"дан тозаланган.
Ташановнинг айтишича, сотувчи Санжар Каримов мутасадди билан учрашиб қолса, блогер амакиси Ғайрат Каримовнинг қамалиши юзасидан шикоят қилмоқчи бўлганини айрим одамларга айтган. Бу гап бозорда тарқалганидан кейин уни олиб кетишган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси, шунингдек, Санжар Каримовни олиб кетиш акс этган видеони унга унинг қариндоши тақдим қилганини билдирган. Унинг ёзишича, мазкур қариндош ҳам юқори лавозимли амалдорнинг бозорга ташрифи вақтида мурожаат қилишга урингани сабабли "бўйсунмаслик" важи билан бир неча марта маъмурий қамоққа олинган.
Абдураҳмон Ташанов бундай ташриф бозор савдогарлари учун салбий оқибатларга сабаб бўлаётганини таъкидлаб, воқеага танқидий муносабат билдирган.
Суд қандай қарор чиқарган?
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 16 ноябрдаги қарорида қайд этилишича, Санжар Каримов муқаддам ҳам ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган.
Суд ҳужжатида 16 ноябрь куни Эски Жўва бозори ҳудудида жамоат тартибини сақлаб турган ички ишлар ходимлари ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни сўрагани, бироқ у ҳужжатларни беришдан бош тортгани кўрсатилган. Огоҳлантиришларга қарамасдан, ходимларнинг талабларини бажармаган ва ички ишлар бўлимига боришдан бош тортган. Шунингдек, суд қарорида у атрофдаги фуқаролар эътиборини ўзига жалб қилгани ва ходимларни ҳақорат қилгани қайд этилган.
Суд мажлисида Каримов айбини тан олмаган. У бозорда савдо қилиб турганида ходимлар келиб ҳужжатларини сўраганини, ҳужжати борлигини ва олиб келса кўрсатишини айтганини билдирган. Шунингдек, ходимларнинг қонуний талабларига қаршилик қилмаганини, аммо ички ишлар бўлимига боришдан бош тортганини айтган.
Суд иш материаллари, маъмурий баённома, ички ишлар ходимининг билдиргиси, тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатларни ўрганиб, унинг айбини тасдиқланган деб топган.
Натижада Санжар Каримовга уч сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Жазо муддати 16 ноябрь куни соат 18:00 дан бошлаб ҳисобланган. Бундан ташқари, махсус қабулхонада сақлаш харажатлари учун ундан 198 минг сўм ундириш белгиланган.
Судлар матбуот хизмати муносабати
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва унга илова қилинган матннинг ўзига қараб воқеа бўйича узил-кесил хулоса чиқариб бўлмаслигини билдирган.
Расмий муносабатда маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш кўрилиб, суд қарори чиқарилгани, унга ҳуқуқий баҳо бериш эса алоҳида жараённи талаб қилиши таъкидланган. Бунинг учун суд ҳужжати устидан белгиланган тартибда шикоят берилиши керак.
Матбуот хизмати суд қарорига нисбатан шикоят бериш муддати ва тартиби тушунтирилганини, бироқ муносабат эълон қилинган вақтга қадар судга шикоят келиб тушмаганини маълум қилган.
Суд қарорига кўра, норози тарафлар қарор эълон қилинган кундан, ҳуқуқбузар эса қарор нусхасини олган кундан бошлаб 10 сутка ичида апелляция шикояти бериши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас