Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорига мувофиқ, "Чорсу" бозори ва "Эски Жува" мажмуаси комплекс реконструкция қилинади. Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур тарихий мажмуаларни қайта тиклаш концепциясини ишлаб чиқиш топширилди.
Қарорга кўра, реконструкция жараёнида "Чорсу" бозорининг барча гумбазлари, улардаги мозаикалар ҳамда бошқа тарихий-меъморий элементлар тўлиқ сақлаб қолинади. Шунингдек, ҳудуднинг тарихий қиёфаси ва гумбазли композициясини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, қурилиш ва таъмирлаш ишлари давомида маданий мерос объектларига зарар етказилишининг олдини олиш, шунингдек, барча ишлар соҳа мутахассислари ва архитекторлар хулосалари асосида амалга оширилиши белгиланган.
Реконструкция ишларини 2026 йил ноябрь ойи якунига қадар якунлаш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги масъул этиб белгиланган.
Олдинроқ Тошкент шаҳридаги машҳур ва йирик 35 та бозор ҳамда савдо комплекслари, жумладан, "Абу Сахий" (Ипподром), "Бешқўрғон", "Авиасозлар" (Кадышева), "Паркентский", Янгиободдаги буюм бозори, "Ўрикзор" ҳамда "Фарҳод" бозорлари очиқ электрон аукцион савдоларига чиқарилиши эълон қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас