Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилоятининг Чуст туманида тадбиркорга тегишли олтита тандирнинг бузиб ташланиши жамоатчиликда катта резонанс уйғотар экан, мазкур воқеа ортида ҳокимликда ишловчи ходималардан бирининг шахсий манфаат ёки келишмовчилиги турган бўлиши мумкин, деган тахминлар илгари сурилмоқда.
Аввалроқ, бу ҳолат Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳоким Бахтиёр Салимжоновнинг топшириғи билан асоссиз ва ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бузиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик. Натижада, қишлоқнинг 20 нафар аёли, жумладан, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор шахслар даромад манбайидан маҳрум бўлганлиги хақида хабар берган эдик.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳодисадан бир кун аввал ҳокимлик вакили эканини айтган аёл сомсахонада ишловчи сотувчилар билан жанжаллашган. У ҳали тандирда тўлиқ пишмаган сомсаларни узиб, олиб беришини айтган.
Ходимлар бироздан сўнг, пишганида узишларини айтганда уларни фаолиятни ёптириш билан таҳдид қилган. Орадан кўп ўтмай, эртасига, айнан шу савдо нуқтасида тадбиркор Муҳаббат Эгамбердиевага тегишли иншоотлар бузиб ташланган.
Ҳокимлик ҳолат юзасидан ўз муносабатида ушбу сомсахона ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз, қурилиш ишларини амалга ошириш учун махсус рухсатномасиз қурилганини айтган. Шунингдек, ҳудуд ҳимоя минтақаси ҳисобланган. Сомсахона фаолияти натижасида автомобиллар ҳамда пиёдалар учун йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиш хавфини ортириб юборган. Расмий тушунтириш ва огоҳлантиришлан ҳокимлик томонидан берилган.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ҳокимлик расмий равишда билдирган йўл хавфсизлиги, кескин бурилишда жойлашганлиги, ҳимоя зонаси ҳақидаги важлар нега ўша жойдаги дўкон учун ишламаяпти. Ваҳоланки юқоридаги важларнинг кўпчилиги исботини топмаган.
Шу боис, бузилиш ишлари режали эмас, балки шахсий адоват асосида амалга оширилган бўлиши мумкин, деган шубҳалар кучаймоқда.
Айни пайтда мазкур ҳолатга оид расмий идоралар ўртасида ҳам зиддиятли баёнотлар мавжуд: туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбарияти воқеадан бехабарлигини билдирган бўлса-да, амалда махсус формадаги ходимлар бузилиш жараёнига жалб этилган.
Жамоатчилик эса бу ҳолатда қонун устуворлиги эмас, шахсий муносабатлар ҳал қилувчи омилга айланган бўлиши мумкин, деган хавотирларни билдирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас