Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг янги раиси этиб сайланди. Ушбу қарор кенгашнинг навбатдаги йиғилишида қабул қилинди.
Тадбирда Жамоатчилик кенгашининг 2026 йилнинг 9 ойидаги фаолияти якунлари, хусусийлаштириш жараёнларига жорий этилаётган янги механизмлар ҳамда "Е-аукцион" электрон савдо платформасини янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Йиғилишда келтирилган статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида умумий қиймати 26 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилган.
Ҳисобот даврида умумий қиймати 53,2 триллион сўмни ташкил этган давлат активлари ва ер участкалари ошкора савдоларга қўйилган.
Бундан ташқари, соҳада тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги қулайликлар жорий этилгани таъкидланган. Жумладан, харидорларга 15 фоиз миқдорида аванс тўловини амалга ошириш, қолган суммани фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ва муайян шартлар асосида 25 фоизгача чегирма олиш имконияти берилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон Президенти 2026 йил 28 август куни мамлакатда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга қаратилган ПФ-177-сонли фармонни имзолаганди. Ҳужжатга кўра, республика бўйича умумий қиймати 100 триллион сўмлик давлат активлари, жумладан 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик мақсадлари учун қарийб 8 минг гектар ер участкалари савдога чиқарилии белгиланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас