Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат харидларида жами 297,4 миллиард сўмлик қоидабузарликларни аниқлаб, бартараф этган. Шундан 57,5 миллиард сўмлик 24 та харидда манфаатлар тўқнашуви, 239,9 миллиард сўмлик 90 та харидда эса аффилланган компаниялар билан боғлиқ қонунбузилишлар қайд этилган. Бу ҳақда агентлик Batafsil.uz мухбирининг саволига жавоб берди.
Брифингда Batafsil.uz мухири давлат харидларида аниқланган қоидабузарликларнинг қанчаси манфаатлар тўқнашуви ва ўзаро боғлиқ компаниялар билан боғлиқ экани, шунингдек, шартномалар имзоланишидан олдин бундай ҳолатларнинг олди олингани бўйича аниқ мисоллар бор-йўқлиги ҳақида сўради.
Агентлик маълумотига кўра, Хавф-таҳлил маркази ўрганишлари давомида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ 24 та давлат хариди аниқланган. Уларнинг умумий қиймати 57,5 миллиард сўмни ташкил этган. Яна 90 та харидда аффилланганлик ҳолатлари билан боғлиқ қонунбузилишлар қайд этилган бўлиб, уларнинг қиймати 239,9 миллиард сўмга тенг.
Шунингдек, комплаенс-назорат бўлинмалари 2026 йилнинг дастлабки 10 ойида 18 970 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини аниқлаб, уларнинг олдини олган. Бундан ташқари, мавжуд манфаатлар тўқнашувининг 1 689 та ҳолати бартараф этилган.
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик ҳолатлари бўйича эса 322 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас