Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Repost.uz, Pressa.uz ва Oblako.uz интернет нашрлари номаълум шахсларнинг оммавий ҳужумларига дуч келди. Улар ижтимоий тармоқлардаги материалларни ўчиртиришга уриниб, муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақидаги шикоятларни қайтариб олиш эвазига пул талаб қилмоқда.
Маълум бўлишича, номаълум шахслар Instagram ва Facebook платформаларидаги муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмларидан фойдаланмоқда. Улар янгилик видеолари ва бошқа нашрлар бўйича шикоятлар юбориб, материаллар гўёки ўзларига тегишли эканини даъво қилмоқда.
Бундай шикоятлардан кейин ижтимоий тармоқлар публикацияларни ўчириши ва аккаунтларга нисбатан чекловлар қўллаши мумкин. Такрорий шикоятлар эса таҳририят саҳифаларининг бутунлай блокланишига олиб келиши эҳтимоли бор.
Таҳририят вакиллари шикоят юборган шахслар билан боғланиб, вазиятни ҳал қилишга уринганида, улар даъволарни қайтариб олиш учун пул талаб қилган.
Ҳужумлар фақат янгилик материаллари билан чекланмаяпти. Реклама нашрлари ҳам ўчирилмоқда. Бу эса реклама берувчилар билан келишувларнинг бузилиши, материалларни қайта жойлаштириш зарурати ва қўшимча молиявий харажатларга сабаб бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда аккаунтлар блокланганидан кейин таҳририятларга воситачилар мурожаат қилиб, пул эвазига уларни тиклашни таклиф қилган
Улар ижтимоий тармоқлар ходимлари билан алоқалари борлигини айтиб, жабрланганларни ишонтиришга уринган.
Нашрлар ўз материалларига бўлган ҳуқуқларини мустақил равишда исботлашга ва ижтимоий тармоқлар қарорларини қайта кўриб чиқишга эришишга мажбур бўлган.
Бироқ платформалар шикоятларнинг асослилигини қай даражада текшириши ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмларидан суиистеъмол қилаётган фойдаланувчиларга нисбатан қандай чора кўриши ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кибержиноятчилар CNN, Zoom ва IKEA каби 178 та сайт орқали криптовалюта ва iPhone фойдаланчиларига ҳужум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас