Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида ўтаётган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) саммитида Хитой раҳбари Си Цзиньпин нутқ сўзлаётган вақтда кўзларини юмган ҳолатда камерага тушиб қолди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео Трампнинг аввалги президенти Жо Байденни ухлаб қолгани учун танқид қилган чиқишларини яна кун тартибига олиб чиқди.
Воқеа бугун, 19 ноябрь куни саммитнинг ялпи мажлисида юз берган. Трансляцияда Трампнинг бошини бироз эгиб, кўзларини юмгани акс этган. Гарчи айрим нашрлар унинг ухлаб қолганини ёзган бўлса-да, қисқа видеодан президент ҳақиқатан ухлаганини аниқ тасдиқлаб бўлмайди.
Кадрлар ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб, турли ҳазил ва танқидларга сабаб бўлган. Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом матбуот хизмати ҳам видеони "Бутун дунё унинг устидан кулмоқда" деган изоҳ билан тарқатган.
Бу ҳолат Трампнинг 2021 йилда Шотландиядаги COP26 иқлим саммитида Жо Байденга нисбатан билдирган танқидларини эслатади. Ўшанда Байден саммитнинг очилиш нутқлари пайтида кўзларини юмган ҳолатда тасвирга тушган ва унинг ухлаб қолгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Трамп эса бу ҳолатдан фойдаланиб, Байденни "Уйқучи Жо" деб атаган ва унинг иқлим ўзгаришига жиддий муносабатда эканига шубҳа билдирган. У ўз баёнотида: "Байден Европага глобал исишни энг муҳим устувор вазифаси деб айтиб борди, кейин эса конференциянинг ўзида бутун дунё кўз ўнгида ухлаб қолди", деган мазмунда фикр билдирган.
Бу Трампнинг бундай ҳолатда биринчи марта кўриниши эмас. 2025 йил 6 ноябрь куни Оқ уйда фармацевтика компаниялари вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда у соғлиқни сақлаш вазири Роберт Кеннеди кичик нутқ сўзлаётган вақтда кўзларини узоқ вақт юмгани кузатилган.
Хорижий таҳлилларга биноан Трамп қарийб 20 дақиқа давомида уйқусини енгишга ҳаракат қилгандек кўринганини ёзган. Оқ уй эса президент ухламаганини, тадбир давомида гапиргани ва журналистлар саволларига жавоб берганини билдирган.
Орадан бир ой ўтмай, 2 декабрь куни Оқ уйдаги вазирлар маҳкамаси йиғилишида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган.
Трамп тахминан 75 дақиқалик йиғилиш давомида тўққиз марта кўзларини узоқ вақт юмган ёки уйқусини енгишга ҳаракат қилгандек кўринган. Бу ҳолатлар жами қарийб олти дақиқани ташкил этган. Оқ уй матбуот котиби Каролин Ливитт эса президент ухламаганини, балки йиғилишни диққат билан тинглаганини айтган.
2026 йил январь ойида Трамп декабрь ойидаги йиғилиш ҳақидаги саволларга ўзи ҳам изоҳ берган. У йиғилиш зерикарли бўлганини тан олган, аммо ухламаганини айтган: "Кўзларимни юмдим, чунки бу ердан кетгим келганди", деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп, Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин 19 ноябрь куни Хитойнинг Шенжен шаҳрида уч томонлама учрашув ўтказгани юзасидан хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас