Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Нидерландиянинг йирик молиявий гуруҳларидан бири — ING Ўзбекистон иқтисодиётидаги юқори ўсиш суръатлари билан бирга айрим иқтисодий хавфлар ҳам кучаяётганини қайд этди. Таҳлилчиларнинг фикрича, аҳоли истеъмоли ва инвестициялар жадал ўсиши товар ва хизматларга бўлган талабни оширмоқда. Агар ишлаб чиқариш бу талабга мос равишда кенгаймаса, нархлар янада кўтарилиши мумкин.
ING прогнозларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2026 йилда 8,1 фоизга ўсиб, 205 миллиард долларга етади. 2027 йилда иқтисодий ўсиш 6,7 фоизни, ЯИМ ҳажми эса 232 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда. Иқтисодиётнинг тез ўсиши ҳар доим ҳам муаммосиз кечмайди.
Аҳоли кўпроқ товар ва хизматлар сотиб олса, корхоналар ишлаб чиқаришни кенгайтирса, қурилиш ва инвестициялар кўпайса, бозордаги талаб ҳам ортади. Аммо маҳсулот ва хизматлар таклифи талабдан ортда қолса, нархлар кўтарилади. Иқтисодчилар бундай ҳолатни "иқтисодиётнинг қизиб кетиши" деб атайди.
ING таҳлилчилари Ўзбекистонда ички истеъмол ва инвестициялар юқори суръатда ўсиб бораётганини, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки ҳам катталигича қолаётганини таъкидлаган. Бу омиллар иқтисодий фаолликни рағбатлантирса-да, инфляция босимини кучайтириши мумкин.
Ҳисоботда инфляция асосий хавфлардан бири сифатида кўрсатилган. Нархлар ўсиши секинлашганига қарамай, инфляция Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичидан юқори бўлиб қолмоқда.
Шу сабабли ING Марказий банк асосий фоиз ставкасини шошилмасдан пасайтиришини кутмоқда. Таҳлилчилар прогнозида ставка 2026 йил охирида 14 фоиз, 2027 йил охирида эса 13 фоиз бўлиши кўрсатилган.
Яна бир муаммо ташқи иқтисодий баланс билан боғлиқ. ING прогнозларига кўра, Ўзбекистоннинг жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 2026 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5,5 фоизини, 2027 йилда эса 5,6 фоизини ташкил этади. Бу мамлакатнинг ташқи иқтисодий тушумлари ва тўловлари ўртасидаги салбий фарқ сақланиб қолишини англатади. Уни инвестициялар, қарзлар ва бошқа молиявий маблағлар орқали қоплашга тўғри келади.
Шу билан бирга, ING Ўзбекистон иқтисодиётининг ўрта муддатли истиқболига ижобий баҳо берган. Саноатнинг ривожланиши, инвестициялар, хусусийлаштириш ва аҳоли сонининг кўпайиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омиллар сифатида қайд этилган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун инфляцияни пасайтириш, бюджет интизомига риоя қилиш ва хусусий инвестицияларни жалб этиш муҳим. Акс ҳолда, нархларнинг ошиши иқтисодий ўсиш самарасини аҳоли фаровонлигида тўлиқ намоён бўлишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Олдинроқ 2026 йил октябрь ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ўртача 0,6 фоизга ошганди ва йиллик инфляция эса 6,5 фоизни ташкил этганди.

Изоҳлар мавжуд емас