Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Келаси йилдан "Ижтимоий реестр"га киритилган оилалар фарзандларининг давлат ва хусусий боғча тўловлари, ўқув маркази харажатлари, йўлкираси ҳамда олийгоҳ ётоқхонаси учун тўловлар ваучер орқали қоплаб берилади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.
Ваучер 12 ой муддатга берилади. Оила "Ижтимоий реестр"дан чиқарилганидан кейин ҳам ваучер ўз амал қилиш муддати давомида сақланиб қолади.
Йиғилишда эҳтиёжманд аҳолини "Ижтимоий реестр"га киритиш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш топширилган. Бунда оиланинг даромади билан бир қаторда сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаши каби омиллар ҳисобга олинади.
Қайд этилишича, республикада камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушган. Бироқ 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда бу кўрсаткич 6,5 фоизни ташкил этмоқда.
Президент бола парваришлаётган ота-оналарни уйида ёки маҳаллада ишли ва даромадли қилиш тизими йўлга қўйилишини таъкидлаган.
Шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга "пассив даромад" келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йилда 300 миллиард сўм ажратилган. Бундай ёрдам олган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани маълум қилинган.
Маълумот учун, 2026 йилнинг биринчи ярмида 562 918 та эҳтиёжманд оилага электр энергияси ва табиий газ учун ҳам жами 92,1 миллиард сўм компенсация тўлаб берилганди. Бу маблағлар базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган энергия учун тарифлар ўртасидаги фарқни қоплашга йўналтирилган.

Изоҳлар мавжуд емас