Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларга ваҳимага тушмаслик ва имкон қадар доимий ёки вақтинча яшаш жойидан чиқиб кетмасликни сўрамоқда. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Элчихона берган маълумотга кўра: "Ҳозирда Москва аэропортларида икки мамлакат ўртасидаги ҳаво, темир йўл ва автомобиль қатновининг вақтинча тўхтатилиши муносабати билан чартер рейслари орқали ватанига қайтишни истаган кўплаб Ўзбекистон фуқаролари тўпланмоқда".
Россия Федерацияси ҳудудларидан келиб Россия пойтахти орқали ўз ватанларига учиб келмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, Европа ва Осиё давлатларидан Москва орқали транзит орқали Ўзбекистонга йўл олганлар ҳисобидан одамлар сони тобора ошиб бормоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия пойтахти аэропортларида тўпланиши ҳамда шахсий гигиена талабларига риоя қилмаслик баробарида турли хил касалликлар, шу жумладан COVID 2019 коронавирус инфекциясининг юқтириш хавфини юзага келтирмоқда.
Россия раҳбарияти ва ҳукумати янги коронавирусни олиб кириш ва унинг Россия Федерациясида тарқалишининг олдини олиш учун барча зарурий чораларни кўрмоқда, эпидемиологик вазият доимий равишда мониторинг қилинмоқда, санитария-карантин назоратини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Умуман олганда, россиялик ҳамкорларнинг айтишича, Москва ва Россия ҳудудларидаги вазият назорат остида турибди.
Элчихона хабарида айтилишича: "Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Россия ҳудудидаги ватандошларимизни ваҳима қилмасликка, хотиржам бўлишга ва имкон қадар доимий/вақтинчалик яшаш жойлардан чиқиб кетмасликка, тавсия этилган эҳтиёт чоралари, шу жумладан бевосита алоқаларни камайтириш ва одамлар гавжум жойларга бормасликка чақириб қоламиз".
Шу билан бирга, чартер рейслари рўйхатига киритилган ватандошлардан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Россия ҳудудларидаги Бош консулхонасида ташкил этилган тезкор штаб-квартираларга ўзларининг алоқа маълумотларини қолдириб, доимий/вақтинча яшаш жойларига қайтишлари сўралади (рўйхат элчихонанинг сайтида мавжуд). Улар Ўзбекистонга чартер рейсларини ва/ёки темир йўл поездларини ташкиллаштирилиши бўйича олдиндан хабардор қилинади.
Изоҳлар мавжуд емас