Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 15 августдан бошлаб Ўзбекистонда умумий овқатланиш корхоналари, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар, музейлар, хусусий болалар боғчалари ва мактаблар фаолияти қайта тикланади. Шунингдек, 30 кишилик тўй қилиш мумкин бўлади. Улар учун қандай қоидалар жорий қилинганлигини кўриб чиқамиз. Бу тўғрисида мухбиримиз хабар бермоқда.
Умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанлар
Умумий овқатланиш объектлари, ресторанлар, кафе ва ошхоналар фаолиятига фақат ташқарида (ёзги террасалар ва кўчаларга қўйилган столлар) рухсат берилади.
Улар қуйидаги талабларга риоя қилишлари керак:
- зиёфатлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказмаслик;
- столлар орасидаги 2 метрлик ижтимоий масофани таъминлаш;
- битта стол атрофида тўрт кишидан ортиқ ўтиришни таъқиқлаш (битта оила аъзоларидан ташқари);
- ходимларнинг ниқоб ва қўлқопда бўлиши;
- ҳар бир ташриф буюрувчидан кейин столлар ва бошқа сиртларга дезинфекциялаш воситалари билан ишлов бериш.
Бундан ташқари, ушбу объектларни тўлиқ ишлашга тайёрлаш учун бинолар ва уларнинг ички қисми, шунингдек шамоллатиш тизимида дезинфекциялаш воситалари - ультрабинафша чироқларни ўрнатиш тавсия этилади.
Тўй ва бошқа махсус маросимлар
Ушбу тадбирлар 30 киши билан чекланиши ва уйларда ўтказилиши керак. Тўйда фақат шу ҳудудда яшайдиган қариндошлар қатнашиши лозим. Тадбирни ташкил этишда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя қилишни ҳисобга олиш шарт.
Гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар
Ушбу объектларда хизмат кўрсатувчи ходимлар шахсий ҳимоя воситалари - тиббий халат ёки комбинезонда, ниқоб ва қўлқопларда ишлаши керак. "1 ходим - 1 мижоз" тамойилига амал қилиш мажбурийдир. Шунинг учун, навбатни телефон ёки онлайн тарзда ташкил этиш керак.
Хусусий мактаблар ва болалар боғчалари, шунингдек ўқув марказларига қўйилган талабларни бу ерда кўриш мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас