Газ йўқ, лекин чидаш  керак.  Энергетика вазирлиги  Тошкентда газ билан боғлиқ муаммолар  борлигини  кўрмаяпти
Жамият

Газ йўқ, лекин чидаш керак. Энергетика вазирлиги Тошкентда газ билан боғлиқ муаммолар борлигини кўрмаяпти

843

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz.  Мана икки кундирки, Энергетика вазирлиги Тошкентда газ билан боғлиқ муаммоларни кўрмаяпти. Бироқ, ижтимоий тармоқлар бу ҳақидаги шикоятлардан тўлиб кетган. Бу тўғрисида Batafsil.uz.  колумнисти Денис Довлатов ҳикоя қилади. 

Электроэнергия ва газ таъминоти билан боғлиқ ҳар кунлик ҳисоботларда икки кундан буён Энергетика вазирлиги пойтахтда газ босими билан боғлиқ муаммолар хусусида сукут сақламоқда. Лекин фойдаланувчиларнинг изоҳларига кўра, бу борада жиддий муаммолар талайгина. Газнинг паст босими асосан Чилонзор, Олмазор, Юнусобод, Мирзо-Улуғбек туманларида кузатилмоқда.

Қахратон қиш арафасида одамлар электр иситгичлар, мультиварка ва электроплиталарни оммавий равишда харид қилишмоқда.

Суҳбатлашиш имкони бўлган газ таъминоти ташкилоти ходимларидан бирининг сўзларига кўра, бу ҳолатнинг асосий сабаби- "Ўзтрансгаз"га тегишли магистрал газ қувурларида босим йўқлигидадир. Бошқача айтганда, газ ҳаммага ҳам етишмаяпти. Газ қўйиш станцияларида газ қўйиш чегараланганига қарамасдан, вазият ижобий томонга ўзгармаяпти.

Эслатиб ўтамизки, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2020 йилнинг 10 ойи давомида мамлакатда газ қазиб олиш қарийб 9,6 миллиард кубометрга тушиб кетган. Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 40,4 млрд. куб метр газ, ўтган йилнинг шу даврида эса 50,1 млрд. куб метр газ қазиб олинган.

Ёмони шундаки, бу вазиятда ҳудудий газ таъминоти корхоналари ходимлари айбдор бўлиб қолишмоқда. Одамлар жанжаллашиб, уларни айблашмоқда. Бироқ, оддий ишчилар эмас, қарор қабул қиладиган кишилар, геология қидирув ишлари ва соҳа ривожи стратегиясини тайёрлаш учун масъул бўлган шахсларни айблаш керак.

Яна бир қизиқ жиҳати бор. Энергетика вазирлиги иссиқхоналарнинг кўмир ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказилганини таъкидлашига қарамасдан, улар газда ишлашни давом эттиришмоқда. Бу ҳақида Ғазалкент 7 округидан сайланган депутат Низом Садриддинов айтиб берди. Энергетика вазирлиги табиий газдан фойдаланишга рухсат этилган иссиқхоналар рўйхатини тасдиқлаган экан.

“Демак, ўзлари таъқиқлаб, бу ҳақида ҳамма жойга жар солаётган бир пайтда яна ўзларининг бунга рухсат беришлари коррупцион схемалардан дарак эмасми?”, -деди депутат.

Бухоро туманида газ   муаммолари туфайли йўлни тўсмоқчи бўлган кишилар билан боғлиқ ҳодиса ҳам ташвишга сабаб бўлади. “Бухоро ҳудудгаз”нинг таъкидлашича, “Соҳибкор” газ тақсимлаш станциясида иккинчи краннинг ёпиб қўйилиши бунга сабаб бўлганмиш.

Бу борада асосий саволга жавоб берилмаган – ким ва нима учун бу кранни ёпиб қўйган? “Ўзтрансгаз”га ҳам савол бор – аҳоли учун газни ёпиб қўйиш ҳуқуқи кимга берилган? 1.3 мингта уйни газ ва иссиқликсиз қолдирган шахснинг ўзи ким экан?

Яна бир ёқимсиз саволни бермаснинг иложиси йўқ. Вилоятларга ажратилган газ меъёри ўрнатилганми, бу меъёрдан ортиқча фойдаланганлик учун қандайдир шасхлар юқорида кўрсатилган кранларни ўчира оладими?

Хуллас, жавобларни кутиб қоламиз. Ўзбекистонликларга чидаб туришдан ўзга чора йўқ.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...