Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йилнинг дастлабки етти ойида мамлакатда аёлларга нисбатан 48,3 мингта тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121 фоизга кўпдир. Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев статистиканинг кескин ўсишини хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошгани ва уларнинг ҳуқуқларга риоя қилишни фаол талаб қилаётгани билан боғламоқда.
Аввалроқ, ташвишли статистика сенатор Малика Қодирхонованинг Оила ва хотин-қизлар қўмитасига зўравонликнинг олдини олиш чораларини тушунтириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ишлашни кучайтириш талаби билан сўров юборишига туртки бўлган эди. Энг кескин кўрсаткичлар Тошкент, Бухоро, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида қайд этилиб, 930 нафар хотин-қизлар такроран ҳимоя сўраб мурожаат қилган.
Шу даврда 56 мингдан зиёд ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп ҳимоя ордери берилган.
Матбуот анжуманида ИИВ хотин-қизларни ҳимоя қилиш учун уч даражали "маҳалла - туман - вилоят" тизими яратилганини маълум қилди. Олиб борилган профилактик ва ижтимоий тадбирлар натижасида 29 мингдан зиёд оилада низоларнинг келиб чиқиш сабаблари бартараф этилган, 23 мингдан ортиқ оиланинг муаммолари ҳал этилиб, томонлар яраштирилган.
Бекмурод Абдуллаев шундай изоҳ берди:
"Хотин-қизлар мурожаатларининг кўпайиши улар энди ўз ҳуқуқларини яхшироқ билишлари билан боғлиқ. Очиқ тушунтириш ишларини олиб боряпмиз, шу орқали аёллар кўпроқ ёрдам сўрашяпти. Илгари кўпчилик тазйиқларга чидарди, ҳозир эса ҳимоя борлигини ва унга таяниш мумкинлигини тушуниб етишди."
Бундан ташқари, ИИВ томонидан "1259" ва "1286" ишонч телефонлари - "Ишонч марказлари" ташкил этилган бўлиб, улар орқали хотин-қизларга тезкор психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан жиноятчилик ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича "E-himoya" мобил тизими жорий этилган.

Изоҳлар мавжуд емас