Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, “Ўзгидромет” келаётган ҳафтанинг об-ҳавоси бўйича башорат қилган.
“Бугун, баҳор фаслининг биринчи кунида Ўзбекистон ҳудуди бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати 13-18° илиқ бўлади, бу меъёрдан 2-4° га юқоридир. Эртага республика ҳудудлари бўйича кун давомида ҳаво булутли бўлиши кутилмоқда. Бунинг ҳисобига ҳаво ҳарорати кундуз кунлари бироз пасаяди ва 10-15° илиқни ташкил этади, аммо об-ҳаво ҳали ҳам ёғингарчиликсиз бўлиши сақланиб туради”, -дея маълум қилишмоқда синоптиклар.
3 мартда республика ҳудудларига жанубдан нам ҳаво массалари кириб келади, кўпчилик вилоятларда бироз ёмғир ёғади, фақат Бухоро ва Навоий вилоятларида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
Шимолий ҳудудларга Кавказ ҳудудларидан совуқ ҳаво массалари кириб келади ва Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида кечаси ва эрталаб 3 мартда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кузатилади.
4-5 март кунлари Ўзбекистон ҳудудига яна нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади, бунинг натижасида барча жойларда ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, тоғли ҳудудларда 4 мартдан 5 мартга ўтар кечаси баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. 5 мартда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кузатилмайди.
Ҳаво ҳарорати 3-5 мартда кечаси 0-5° илиқ, кундуз куни 10-15° илиқ атрофида бўлади, 5 мартда 8-11° илиқгача бироз пасаяди.
1-5 мартда Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи сақланиб туради.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас