Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда "бокиралик капсуласи" ва уни тиклаш учун жиноий жавобгарлик белгиланиши ҳамда бу ҳақда хабар берган шахслар молиявий рағбатлантирилиши ҳақида айтилган хабарлар тарқалди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ушбу маълумотлар юзасидан расмий муносабат билдирди.
Расмий муносабатда таъкидланишича, ушбу масала кўриб чиқиш учун киритилмаган ва муҳокама ҳам қилинмаётган фейк хабар ҳисобланади.
Расмийлар жамоатчиликни бу каби асоссиз ва ёлғон ахборотларни тарқатмасликка, маълумотларни улашишдан олдин уларнинг ҳаққонийлигини фақат парламент ва давлат органларининг расмий манбалари орқали текшириб кўришга чақирган.
Шу билан бирга, миллий қонунчиликда ахлоқ ва фоҳишаликка қарши кураш соҳасидаги жавобгарлик чоралари аниқ белгилаб қўйилганини таъкидлаш лозим.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасига кўра, фоҳишалик билан шуғулланиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 7 бараваригача, бир йил давомида такрор содир этилса, 10 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 131-моддасига мувофиқ эса фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш жиноий жавобгарликка олиб келади ва 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Қибрай туманида яшовчи аёл Туркиядаги танишлари билан тил бириктириб, икки нафар аёлни алдов йўли билан фоҳишалик қилиш учун хорижга жўнатмоқчи бўлганди ва уни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Тошкент аэропортида қўлга олиб, жиноят иши қўзғатганди.

Изоҳлар мавжуд емас