Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасида сафар вақтини 5 соатдан 1,5 соатгача қисқартирадиган цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобиль йўли ҳамда тезюрар поездлар учун янги темир йўл линияси қурилиши режалаштирилмоқда. Ушбу йирик лойиҳалар ҳақида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари юзасидан йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда вилоятнинг транспорт ва инфратузилма алоқаларини ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим топшириқлар берилган.
Жумладан, жорий йилда А-380 йўлини реконструкция қилиш тўлиқ якунланади, келаси йилдан эса умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган М-37 йўлининг 69 километрлик қисмини янгилаш ҳамда Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрлик янги айланма йўл қуриш ишлари бошланади.
Бундан ташқари, аҳоли қатновини енгиллаштириш ва жамоат транспорти муаммосини бартараф этиш мақсадида вилоятга қўшимча 120 та автобус олиб келиш ишлари жадаллаштириладиган бўлган.
Шу билан бирга, давлат раҳбари аэропорт ва темир йўл вокзаллари атрофида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, шаҳарни ободонлаштиришда ягона ёндашувни қўллаш, 55 та маҳаллани марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш ва янги турар жой массивлари қурилишини жадаллаштириш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифаларни белгилаб берган.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган йиғилишда 2027 йилдан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш тўлиқ хусусий бандлик агентликларига ўтказилиши ва юқори даромадли иш топган ҳар бир шахс учун уларга 1,5 миллион сўмдан рағбат пули берилиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас