Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентдаги Халқаро туркий давлатлар университетида талабалардан "Хавфсиз талаба" иловасини ўрнатиш талаб қилинди. Жараёнда талабалардан бири шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва дастурнинг iPhone телефонларига мос эмаслиги ҳақида савол берганидан сўнг унга нисбатан куч ишлатишга уриниш ва 15 суткага қамаш билан таҳдид қилингани айтилмоқда.
Kun.uz нашрининг хабар беришича, 3 ноябрь куни Учтепа туманида жойлашган университетда дарс вақтида аудиторияга туман ички ишлар бошқармаси ходимлари, жумладан, бошлиқ ўринбосари бошчилигидаги гуруҳ кирган. Улар талабаларнинг телефонларини текшириб, "Хавфсиз талаба" иловасини ўрнатишни талаб қилган.
Талабалардан бири дастур орқали шахсий маълумотларни узатиш қанчалик хавфсиз экани билан қизиққан. Шунингдек, у iPhone телефонидан фойдаланишини, илова эса Android тизими учун APK форматида тарқатилаётгани сабабли уни ўрната олмаслигини билдирган.
Унинг айтишича, шундан сўнг ички ишлар ходими унинг қўлини қайиришга, телефонини олиб қўйишга уринган ва 15 суткага маъмурий қамоққа олиш билан таҳдид қилган.
Илова ўрнатиш талаби бошқа олийгоҳларда ҳам кузатилган
"Хавфсиз талаба" иловасини ўрнатиш билан боғлиқ эътирозлар 3 ноябрь куни ҳам маълум бўлган эди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари маъмурият ва тьюторлар улардан дастурни ўрнатишни талаб қилаётганини билдирган.
Айрим ҳолатларда талабаларга иловани юклаб олиш учун 10 дақиқа вақт берилган, барча ўрнатмагунча эса дарс жараёни тўхтатиб турилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига сўров юборилган. Бироқ сўровга жавоб берилмаган.
Аввалроқ Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида "Хавфсиз талаба" иловасини ўрнатиш билан боғлиқ можаро ортидан Таржимонлик факультети декани Улуғбек Юлдашев лавозимидан озод этилгани хабар қилинган эди.
Шундай қилиб, иловани ўрнатиш талаби бир нечта олий таълим муассасаларида талабалар эътирозига сабаб бўлмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас