Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, профессор Хабибулла Оқилов берган интервьюсида Ўзбекистондаги коронавирусдан ўлиш ҳолатлари ҳақида гапирди. Экспертнинг фикрига кўра, мамлакат фуқаролари вазиятни янада чигаллаштирмаслик учун карантин талабларига жиддий муносабатда бўлишлари керак. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
"Мамлакатимиздаги нисбатан яхши аҳвол сохта хотиржамликка сабаб бўлмаслиги керак. Бизнинг касалхоналарда ҳам, стационарда ҳам, фармацевтикада ҳам ётоқ жойлари етарлича, керакли жиҳозларимиз бор, дори-дармонлар заҳираси яратилган. Мутахассислигидан қатъий назар, етарлича шифокорларни тайёрладик, барчани коронавирус шароитида ишлашга ўргатдик. Яна бир бор такрорлайман - шифокорлар, дори-дармонлар, лабораториялар, таҳлил учун ускуналар, таҳлил қилиш учун реагентларнинг барчаси бизда етарли", - деди у.
Бироқ, Оқиловнинг айтишича, аҳоли вазиятнинг жиддийлигини англаши ва имкон қадар карантин талабларига риоя қилиши лозим.
"Бизда коронавирусдан ўлиш ҳолатларининг 13 фоизи - 40 ёшгача бўлганлар, 3 фоизи - 20 ёшгача бўлганлар орасида қайд этилиб, афсуски, 14 ёшли ўғил бола ҳам бор. Одамлар буни жиддий қабул қилишлари керак. Бу учун кўп нарса талаб этилмайди. Оддий гигиена қоидалари ва ўзини ҳимоя қилиш қоидаларига амал қилинса бўлди", - дея таъкидлади эксперт.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатимизда очиқчасига - "умуман олганда, коронавирус ўзи борми? Масалан, мен кўрмаганман. Менинг танишларим ва қариндошларимдан биронтаси касал бўлмади. Мен ҳар куни кўчага чиқаман ва менда хеч нарса йўқ", деганлар ҳам йўқ эмас.
"Шунингдек, ниқобни иягигача тушириб юриш ёки умуман тақмаслик ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Одамлар тўда-тўда бўлиб, оилавий тантаналар, тўйларни нишонлашмоқда. Агар дафн маросими бўлса, марҳумнинг қариндошлари билан учрашиб, таъзия билдиришни шарт деб ҳисоблашмоқда. Ҳамма бир нарсани тушуниш керак – ҳозирги пайтда ўзини-ўзи асраш инстинкти ҳар нарсадан устун бўлиши лозим. Биз ўзимиз, ота-онамиз, фарзандларимиз, набираларимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Афсуски, ҳамма ҳам буни тушунмайди ",- деди Оқилов.
Мутахассис коронавирус мавжудлиги ва унга жиддий муносабат қилиш шартлигини билдирди.
"Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида вазиятнинг жиддийлигини тушуниб етмаслик фожеали оқибатларга олиб келди. Биз буни билишимиз керак ва биздаги вазият бошқаларникига қараганда яхшироқ бўлганидан хотиржамлика ўрин қолдирмайлик. Барчанинг тан олишича, Ўзбекистон модели тақлид ва қўллашга муносибдир. Бизда ўлим даражаси 0,3 промиллени ташкил қилади ва бу кўрсаткич жуда ҳам яхши. Бироқ, эртага ҳамма нарса кескин ўзгариши мумкин. Бундан ҳеч ким суғурта қилинмаган. Шунинг учун халқимиз тўғри хулоса чиқариб, тўғри ёндошиши лозим”, - деди у.
Эслатиб ўтамизки, илгарироқ Оқилов коронавирус билан касалланган беморларни уйда даволаш жараёни қандай кечиши хусусида гапириб берган эди.
Изоҳлар мавжуд емас