Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳрида автобус ва метро учун бир марталик электрон тўлов тарифларини 47 фоизга ошириш бўйича ўтказилган жaмоатчилик муҳокамаси юзасидан расмий баёнот берди. Партия раҳбарияти нархларни белгилашда фақат ташувчи компанияларнинг харажатларини эмас, энг аввало, аҳолининг даромад даражаси, оилавий харажатлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар имкониятларини инобатга олиш зарурлигини таъкидлади.
Партия ўз сиёсий позициясига таянган ҳолда, барча мактаб ўқувчилари учун жамоат транспортида ягона имтиёзли тарифларни йўлга қўйишни, кам таъминланган ҳамда кўп фарзандли оилалар фарзандлари учун эса қўшимча қўллаб-қувватлаш ва имтиёз механизмларини жорий этишни таклиф қилган. Баёнотда таъкидланишича, фарзандларнинг таълим муассасаларига хавфсиз ва эркин қатнаши жамоат транспорти сиёсатининг асосий мезонларидан бири бўлиши шарт.
Шунингдек, партия пойтахтда мактаб ўқувчиларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган School Bus" (мактаб автобуслари) тизимини жорий этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Аммо партия вакиллари бу хизмат ота-оналар зиммасига қўшимча молиявий юк бўлиб тушмаслиги кераклигини эслатиб ўтган. Партия халқаро тажрибага таянган ҳолда, масофа, оила даромади ва ҳудуднинг транспорт билан таъминланганига қараб, ўқувчиларнинг қатнов харажатларини давлат томонидан тўлиқ ёки қисман қоплаш амалиётини татбиқ этишга чақирган.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 2026 йилнинг 1 октябридан эътиборан жамоат транспортида йўл ҳақи тарифларини ўзгартириш таклиф этилмоқда. Лойиҳага кўра, автобус ва метрода электрон тўлов орқали бир марталик йўл ҳақи амалдаги 1 700 сўмдан 2 500 сўмгача ошиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас