Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Фанлар академияси одамдан одамга юқувчи янги хавфли вирус ҳақидаги ваҳимали хабарларга ойдинлик киритиб, мамлакатдаги жорий вазиятни эълон қилди. Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган хантавируснинг Andes штамми билан боғлиқ вазият Атлантика океанидаги кемалардан бирида қайд этилган бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу вирус фақат ўта яқин ва узоқ муддатли алоқада юқишини тасдиқлаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу вирус грипп ёки COVID-19 каби ҳаво орқали тез тарқалмайди, шу боис дунё аҳолиси учун хавф даражаси ўта паст деб баҳоланмоқда.
Фанлар академияси экспертларининг билдиришича, юртимизда вазият бутунлай барқарор ва хавотирга ўрин йўқ. Одамдан одамга юқувчи Andes штамми Ўзбекистон ҳудудида тарихда ҳеч қачон қайд этилмаган ва ҳозирда ҳам мавжуд эмас. Минтақамизга хос бўлган хантавируслар эса фақат ёввойи кемирувчилар орқали юқади ва уларнинг одамдан одамга ўтиш хусусияти йўқ.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва олимлар табиий ўчоқларни доимий назорат қилиб бормоқда. Аҳолидан эса ваҳимага берилмасдан, оддий гигиена қоидаларига амал қилиш, хусусан, ертўла ва омборларни тозалашда ниқоб тақиш ҳамда озиқ-овқатларни кемирувчилардан ҳимояланган жойда сақлаш сўралмоқда.
Олдинроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков ҳам ушбу вазиятга ойдинлик киритиб, мамлакатимизда эпидемиологик ҳолат барқарор эканини маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас