Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз хабар беришича, ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари коронавирус бўйича баёнот қилишди.
"Айни пайтда янги коронавирусга қарши кураш бўйича вазият бутун дунё эътиборини тортмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, янги коронавирус пайдо бўлгандан буён раис Си Цзиньпиннинг шахсий назорати ва эътибори остида Хитой томонидан касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида кенг қамровли ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Уларнинг аксарияти “Халқаро тибий-санитария қоидалари” талабларидан ташқарида ҳам амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, Хитой томони эпидемик вазият бўйича халқаро ҳамжамиятни очиқ, ошкора ва масъулиятли тарзда хабардор қилмоқда", – дея таъкидлади Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Янь.
Унинг қўшимча қилишича, Хитой томонидан амалга оширилаётган самарали чоралари кўплаб мамлакатлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилмоқда. ЖССТ Бош директори Тедрос Адханнинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати томонидан кўрилаётган қатъиятли чораларни халқаро ҳамжамият юқори баҳолайди ва тўла қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, пневмония тарқалишини олдини олиш бўйича Хитойнинг улкан ҳаракатларини ижобий баҳолайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойнинг эпидемияни олдини олиш ва назорат қила олишига тўлиқ ишонч билдиради.
"Хитой ва Ўзбекистон мушкул кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган ҳар томонлама стратегик ҳамкорлардир. Иймоним комилки, ўзбек халқи бу сафар ҳам эпидемияга қарши курашда Хитой халқи билан ёнма-ён туради. Ишонаманки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан биз албатта эпидемия устидан ғалаба қозонамиз ", - деб якунлади Цзян Янь.
Элчихона маслаҳатчиси Чжан Ванчуаннинг сўзларига кўра, янги коронавирус пайдо бўлгандан бери, Хитой ҳукумати профилактика ва назорат қилиш борасида кенг қамровли ва қаттиқ чоралари кўрди.
"Айтишимиз мумкинки, бугунги кунда касалланганлар сони ўсишни давом этаёт бўлсада, умуман олганда вазият назорат остида турибди. Биз эпидемия устидан тўлиқ ғалаба қилишга қодирмиз. Хитой беш минг йиллик тарихга эга бўлган давлатдир. Хитой миллатининг руҳияти ва анъанавий қадриятлари узлуксиз авлоддан авлодга етиб келмоқда. Мамлакат тарихида биз турли касалликларни бир неча бор мағлуб қилганмиз. 2003 йилда SARS коронавируси натижасида келиб чиққан атипик пневмония устидан қозонилган ғадаба бунинг яққол мисолидир” - деди у.
Чжан Ванчуаннинг қўшимча қилишича, бугун Хитой қудрати ва мамлакатни бошқариш қобилияти сезиларли даражада мустаҳкамланди. Хитой халқи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ўзининг онглилиги, қатъиятлилиги ва ҳамжиҳатлилигини намойиш этди.
"Биз ҳозирги эпидемияни енгиб, якуний ғалабани қўлга киритишга аминмиз. Бизга ишонишингизни сўраймиз", - дея таъкидлади у.
Изоҳлар мавжуд емас