Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз маълум қилишича, Ўзбекистон ва Хитой мамлакатимизда коронавирусга қарши рекомбинат вакцинанинг клиник синовларини ўтказишга келишиб олишган.
Бу ҳақида 21 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компанияси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижалари бўйича маълум қилинган.
Хитойлик компания томонидан ишлаб чиқилган ва ҳозирда клиник синовда ўтаётган вакцина коронавирус юза антигенининг генетик-муҳандислик оқсили бўлиб, у аденовирус ҳамда инактивлашган вакцина турлари билан таққосланганда юқори даражада хавфсиз ҳисобланади.
Музокаралар давомида ўтказиладиган клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунланган тақдирда, Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари хитойлик ҳамкорлар билан эмлаш жараёнини ташкил этиш, жараёнга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилишган.
Клиник синовлар 18 ва ундан катта ёшдаги кўнгилли инсонларда ўтказилиши кутилмоқда. Синов бошланишидан олдин Хитой Халқ Республикаси вакиллари томонидан эмлаш шартларини тушунтиришга қаратилган бир қатор тренинглар ўтказилади.
Изоҳлар мавжуд емас