Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Администрацияси вакили Комил Алламжонов АҚШда Жорж Вашингтон университети Консультатив кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Унда олий таълимни ривожлантириш ва сунъий интеллектнинг таълим соҳасига таъсири муҳокама қилинди.
Алламжонов йиғилиш доирасида университет президенти Эллен Гранберг билан ҳам учрашди. Томонлар олий таълим муассасасининг келгусидаги ривожланиш стратегияси ва таълим соҳасидаги ўзгаришларни кўриб чиқди.
Жорж Вашингтон университети Консультатив кенгаши жамоат арбоблари, йирик бизнес вакиллари ҳамда университет битирувчиларини бирлаштиради. Унинг асосий вазифаси таълим муассасасини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар ва истиқболларни муҳокама қилишдан иборат.
Комил Алламжонов кенгаш фаолиятида иштирок этишни катта шараф ва АҚШдаги университет ривожига ҳисса қўшиш имконияти сифатида баҳолаган.
Маълумот учун, у 2025 йилда мазкур университетнинг Эллиотт халқаро муносабатлар мактаби қошидаги Марказий Осиёни ўрганиш дастурининг махсус маслаҳатчиси этиб тайинланган. Ушбу дастур минтақа бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, илмий, дипломатик, сиёсий ва ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланади.
U.S. News & World Report нашрининг 2027 йилги рейтингида Жорж Вашингтон университети АҚШнинг 427 та олий таълим муассасаси орасида 59-ўринни эгаллаган.

Изоҳлар мавжуд емас