Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанцияси блогер Kokow ва актриса Барчин Ғофурова, шунингдек, яна бир аёлга нисбатан ҳукм чиқарди. Улар товламачилик ва ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, 3 йил 6 ойдан 4 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум этилди.
2026 йил 13 ноябрдаги суд ҳукмига кўра, блогер Kokow 3 йил 6 ой, актриса Барчин Ғофурова 4 йил, учинчи судланувчи эса 4 йил 6 ой муддатга қамалди. Улар жазони умумий тартибли колонияларда ўтайди.
Иш дастлаб жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилган. 2026 йил 16 июндаги ҳукм билан блогер 1 йил 6 ой, актриса 1 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Учинчи судланувчига эса 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бироқ судланувчилардан бири ва жабрланувчининг шикоятлари асосида иш Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилди. Натижада биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилиниб, янги ҳукм чиқарилган.
Судланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми "а" банди (ҳақорат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми "а" банди (товламачилик) бўйича айблов ҳукми чиқарилган.
Жабрланувчи ва бошқа манфаатдор шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Ҳукм устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда тафтиш инстанциясига шикоят бериши ёки протест киритиши мумкинлиги билдирилган.

Изоҳлар мавжуд емас