Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ президенти Дональд Трамп, Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин 19 ноябрь куни Шэньчжэнь шаҳрида учрашиши режалаштирилган. Оқ уй маълумотига кўра, музокараларда ядровий қуролларни қисқартириш ва Эрон атрофидаги вазият муҳокама қилинади, бироқ учрашув якунида келишув имзоланиши кутилмаяпти.
АҚШ ва Россия ўртасидаги ядровий қуроллар бўйича сўнгги келишув — New START шартномаси 2026 йил февраль ойида тугаган.
Трамп янги келишувга Хитойни ҳам жалб этиш тарафдори, аммо Пекин ҳозирча бундай музокараларга қизиқиш билдирмаяпти.
АҚШ расмийлари учрашувни келишувга эришишдан кўра, мулоқотни бошлаш имконияти сифатида баҳоламоқда. Учрашувда Украинадаги уруш масаласи муҳокама қилинмаслиги кутилмоқда.
АҚШ вакили буни Вашингтоннинг Украина ва Россия билан алоҳида музокаралар олиб бораётгани, Хитой эса ушбу жараёнда иштирок этмаётгани билан изоҳлаган.
Трамп Хитойга сафари давомида Си Цзиньпин билан алоҳида учрашув ва ишчи тушлик ҳам ўтказади.
Унинг делегацияси таркибида тадбиркор Илон Маск ҳам бўлади, бироқ у уч раҳбарнинг уч томонлама музокарасида иштирок этмайди. Путин билан Трампнинг алоҳида учрашуви режалаштирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Трамп ва Си Цзиньпин билан Украина тақдирини Зеленскийсиз муҳокама қилишни таклиф қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас