Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2026 йил 1 ноябрдан иситиш ва иссиқ сув тарифларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан Тошкент шаҳрида уларни тахминан 30 фоизга ошириш, 2028 йилдан эса ҳар йили 10 фоизгача индексация қилиш таклиф этилмоқда. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган қарор лойиҳаси иссиқлик таъминоти соҳасида навбатдаги нарх ошишини назарда тутади.
Ислоҳотлар фонида аҳоли даромадлари ва харажатлари номутаносиблиги
Коммунал хизматлар нархининг бу каби кескин қимматлашуви аҳолининг ҳақиқий даромадлари ва иш ҳақи ўсиш суръати уч баравар олдинлаб кетмоқда. Бу эса жиддий хавотир уйғотмоқда.
Расмий статистикага кўра, мамлакатда иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар йилига ўртача 10–15 фоиз атрофида оширилади. Бироқ ягона энергетика ва коммунал тизимдаги сўнгги ислоҳотлар (электр энергияси, табиий газ, иссиқ ва совуқ сув) доирасидаги нарх ошишлари баъзи ҳолларда 30 фоиздан 50-70 фоизгача бўлган сакрашларни ташкил этган.
Хусусан, 2026 йил 1 ноябрдан маиший эҳтиёжлар учун етказиб бериладиган суюлтирилган газнинг чакана нархи ҳар бир килограмм учун қўшилган қиймат солиғи билан 2000 сўмдан 5000 сўмгача оширилиши мумкин. Шунда бу нақд 150 фоизга қимматлашмоқда.
Натижада, иш ҳақининг нисбатан муътадил ўсиши базавий коммунал харажатларнинг кескин қимматлашуви фонида сезилмай қолмоқда. Аҳолининг ойлик даромадидан коммунал тўловлар учун ажратиладиган улуш йилдан-йилга ортиб, айниқса кам даромадли ва белгиланган маошга кун кечирувчи оилаларнинг харид қобилиятига бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда.
Соҳа мутасаддилари нарх ошишини Президентнинг 2025 йил 11 мартдаги фармонига асосан 2030 йилгача тарифларнинг имтиёзли миқдорини хизматларнинг ҳақиқий таннархига яқинлаштириш зарурати билан изоҳламоқда. Бироқ иссиқлик манбаларининг эскиргани ва тизимдаги йўқотишлар оғирлиги фуқаролар ҳамёни эвазига қопланаётгани ҳақли эътирозларни келтириб чиқаради.
Соҳани модернизация қилиш ва харажатларни пасайтириш ваъдалари
Лойиҳада аҳолининг ижтимоий юкини енгиллаштиришга қаратилган бир қатор бандлар ҳам ўрин олган. Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда иссиқлик энергияси нархини 15 фоизгача пасайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиши лозим.
Агар иссиқлик юкламаси ва истеъмол меъёрлари шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлаштирилиб, пасайтирилса, тегишли ҳудудлардаги маиший истеъмолчилар учун тарифлар ҳам бир вақтнинг ўзида камайтирилиши назарда тутилган. Меъёрлар ошган тақдирда эса амалдаги тарифлар ўзгаришсиз қолади.
Бундан ташқари, 2027 йил охиригача мамлакатдаги иситиш тизимларининг тўлиқ техник аудитини ўтказиш ва йўқотишларни 25 фоизга камайтириш, 2026 йил якунигача корхоналарни замонавий биллинг тизими билан тўлиқ қамраб олиш белгиланган. "Иссиқликтаъминоти" кузатув кенгашидаги мустақил аъзолар улушини 75 фоизга етказиш, хорижий экспертларни жалб этиш ва 2027 йил 1 майгача соҳани 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Шундай бўлса-да, инфратузилмани янгилаш ва йўқотишларни камайтириш бўйича дастурлар вақт ва катта инвестиция талаб этади. Тарифларнинг 30 фоизлик ўсиши эса яқин орада аҳоли зиммасига тушадиган тўғридан-тўғри молиявий юк бўлиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас