Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгаргани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди. Вазирликка кўра, янги тартиб дарс тақсимотини соддалаштириш ва шаффофлигини оширишга қаратилган.
Маълум қилинишича, 2025 йил 28 октябрда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан "Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида"ги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, ўзгаришлардан асосий мақсад ўқитувчиларнинг иш юкламасини камайтириш, дарс соатларини тақсимлаш талабларини соддалаштириш ҳамда жараённи янада шаффоф ва адолатли ташкил этишдан иборат. Шу муносабат билан дарс тақсимотидаги устуворлик мезонлари 19 тадан 10 тага қисқартирилган.
Янги тартибга кўра, барча педагоглар учун тенг имконият яратиш мақсадида дунёнинг TOP-1000 университетларини тамомлаган ёки халқаро ва асосий фан олимпиадаларида ғолиб тайёрлаган ўқитувчиларга устунлик берувчи мезонлар бекор қилинган. Энди дарс соатларини тақсимлашда асосий эътибор миллий ёки халқаро сертификатларга, замонавий компетенцияларга, шунингдек, ўқитувчининг касбий салоҳияти ва иш натижаларига қаратилади.
Вазирлик қайд этишича, янги тартиб 2026/2027 ўқув йилидан амалиётга жорий этилади ва юқори касбий маҳорати ҳамда таълим сифати юқори бўлган педагогларга биринчи навбатда дарс соатларини бериш орқали мактабларда таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Бундан олдин ҳукуматнинг 322-сон қарори билан олий тоифали мактаб ўқитувчиларини магистратурага қабул қилишнинг янги тартиби тасдиқланганди. Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган ва халқаро аккредитация қилинган тизимда олий малака тоифасига эга ўқитувчилар педагогика йўналиши магистратурасида масофавий шаклда таҳсил олиши мумкин бўлади.

Изоҳлар мавжуд емас