Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Латвия ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун виза беришнинг амалдаги тартибини ўзгартирмасликка ва чекловлар киритмасликка қарор қилди. Ўзбекистон томони Латвия давлат идоралари вакиллари билан ўтказилган қатор дипломатик музокаралар якунида бундай чекловларга ҳеч қандай эҳтиёж йўқлигини исботлаб берди.
Виза тизимини вақтинча чеклаш ташаббуси 29 сентябрь куни Латвия Ички ишлар вазири Янис Домбрава томонидан илгари сурилган. У ўз таклифини мамлакатга келган айрим ўзбекистонликлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар билан изоҳлаган. Бироқ, ушбу таклиф Латвия Ҳукумати мажлиси кун тартибига киритилмаган ва вазирнинг баёноти даражасида қолган.
Аввалроқ Литва Миграция департаменти директори Индре Гаспере ҳам Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун ташқи хизмат кўрсатиш марказлари орқали ишга жойлашиш ва мамлакатга кириш ҳужжатларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилганди.
Вазият ортидан Ўзбекистон ТИВ ва мамлакатнинг Ригадаги элчихонаси Латвия Президенти администрацияси, Бош вазир офиси, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари билан тезкор музокаралар ўтказган. Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг маълум қилишича, Тошкент томони таклиф қилинаётган чекловлар икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини Ригага етказган ва натижада Латвия амалдаги тартибни ўзгартиришга зарурат йўқлигини билдирган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси хорижда бўлиб турган ва чет элга чиқишни режалаштираётган фуқароларга мурожаат қилиб, маҳаллий қонунчилик ва урф-одатларга қатъий риоя этишни сўраган. Вазирлик айрим шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари хорижда ҳалол меҳнат қилаётган ва таълим олаётган бошқа ватандошларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини эслатиб ўтган.

Изоҳлар мавжуд емас