Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги моддий ёрдам олиш учун кимлар «Темир дафтар»га киритилиши ҳақида маълум қилди. Рўйхатлар фуқаролар йиғини раиси томонидан сектор раҳбари билан ҳамкорликда шакллантирилади. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Бугун АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаеванинг айтишича, «Темир дафтар» - карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шакллантирилган шаффоф рўйхати ҳисобланади.
Рўйхат маҳаллалар кесимида фуқаролар йиғини раиси томонидан сектор раҳбари билан ҳамкорликда тузилади.
“Темир дафтар”га 7 тоифадаги оилалар киритилади:
- кам таъминланган;
- ногиронлиги бўлган;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар;
- якка-ёлғиз кексалар;
- доимий ишсиз фуқаролар;
- карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар;
- оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтиб келган, камбағалликдан чиқаришга муҳтож фуқаролар.
Масъул ходимлар ўзининг кунлик амалга оширган ишлари юзасидан «Темир дафтар»идаги маълумотларни saxovat.argos.uz сайтига рақамли имзо калити орқали электрон шаклда киритиб боради.
Жорий йил якунига қадар «Темир дафтар»га тушган оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзоси иш билан таъминланади. Саодат Боймирзаеванинг сўзларига кўра, шу орқали уларни муҳтожликдан чиқариш чоралари кўрилади.
Изоҳлар мавжуд емас